Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилгани хабар берилганди.
Унда умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишки таътил даврини узайтириш таклифи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ушбу қарор лойиҳасига муносабат билдирди. Таъкидланишича, қарор лойиҳасида келтирилган таклифлар вазирлик билан келишилмаган ҳамда уларни фақат чуқур таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилиш керак.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида мазкур қарор бўйича бир неча саволлар мавжуд:
“Биринчидан, ҳозирги кунда кўпчилик мактабларда таълим икки ёки ундан ортиқ сменада олиб борилмоқда. Мактабларда беш кунлик ўқиш тизимини жорий этилиши эса бундай ўқув муассасалар сонини кескин оширади. Яъни, ўқувчи ўрни ва биноларга қўшимча талаб кескин ортади. Бу ҳолатда Туризм қўмитаси томонидан Инвестиция дастурига мактаблар учун қўшимча маблағ ажратиладими?
Иккинчидан, айни пайтда аксарият ота-оналарнинг меҳнат фаолияти ҳафтада олти кунни ташкил этади. Бундай оилаларда шанба куни болалар хавфсизлигини ким таъминлайди, деган савол келиб чиқади. Бу ҳолат ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ўсишига сабаб бўлмайдими?
Учинчидан, ёшларнинг ҳатто ўзи яшаётган ҳудудидаги туризм объектларига саёҳати ҳам маблағ талаб қилади. Бу маблағлар кимнинг ҳисобига қопланади? Ота-оналарними? Яна бунга ўқитувчи масъул бўладими? Ўқувчилар хавфсизлигини ким таъминлайди? Болалар автобусда олиб борилса, уларнинг хавфсизлиги ички ишлар томонидан таъминланиши керак бўлса, ушбу харажатлар қандай қопланади?
Тўртинчидан, ёзги таътилни қишки таътил ҳисобига қисқартириш таклифи берилган. Бизда таътиллар мамлакат иқлимидан келиб чиқиб белгиланган. Ёзнинг иссиқ ҳавосида 30-35 киши бир хонада 45 дақиқа ўтира оладими? Хоналарда совитиш тизими кимнинг ҳисобига ўрнатилади? Электр таъминотига бўлган талаб кескин ортиши туфайли мактаб электр тизимидаги ўзгартиришлар ҳамда электр истеъмоли учун харажатларни ошиши қайси маблағ ҳисобидан қопланади? Ўқувчилар бундай шароитда дарсни яхши ўзлаштира оладими?

















