«Жаннат оналар оёғи остида»дир. Бу гап бежиз айтилмаган. Оналар борки, фарзанди учун жонини беради. Ўзи емай едиради, киймай кийдиради. Ҳатто баъзида ўзини-да унутиб қўяди.
Шундай оналардан бири 39 ёшли Дилором Маҳамматовадир. Дилором опа салкам 8 йилдирки, Россияда мусофирчиликда меҳнат қилиб келмоқда. Икки фарзандини ўқитиш, бировдан кам қилмаслик учун тинмай меҳнат қилмоқда. Ҳаётида жуда кўплаб тақдир синовларига учраган сирдарёлик бу аёл меҳнат билан дўст тутинган. Аслида Россия ва бошқа давлатларда мана шундай мусофир ўзбек оналари кўплаб топилади.
Kun.uz мухбирлари Россияга сафари давомида Дилором опа ҳақида эшитиб, у билан боғланди ва суҳбат қилди.
Бир она қилиши керак бўлганларини ортиғи билан қилишга уринаётган Дилором опа кўрган-кечирганлари, Россияда дуч келган қийинчиликлари, мусофир аёлларга бўлган муносабат ва орзу-армонлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.
«Россияга 2012 йил келганман»
Биринчи бор Россияга келганимда музқаймоқ заводига ишга кирганман. Шундан сўнг, мана 5 йилдирки Москва Авиация институтида бўёқчи бўлиб ишлайман. Турмушим бўлмаганидан кейин икки фарзандимни ўқитиш, уйли-жойли қилиш учун ўзим ишлаяпман.
Россияда ишлашни ҳеч ким орзу ҳам, ҳавас ҳам қилмасин. Чунки ҳеч қаер ватанга етмайди. Ҳамма бу ерларда мажбурликдан ишлайди. Чунки ҳаёт мажбур қилади.

«Фақат соғиниб яшаймиз»
Россияда энг катта қийинчилик ватан соғинчи, фарзандлар, ота-она соғинчи. Фақат соғиниб яшаймиз. Бу ерда кўчада бемалол юра олмайсиз ҳам. Ҳар қадамда полиция ушлайди. Ҳужжатларингиз тўғри бўлса ҳам, баъзи ҳолларда олиб кетишади. Ўзим ҳам бир суткалаб ётиб чиққан вақтларим бўлган. Чунки бу ерда менинг ҳеч кимим йўқ.
«Имконим бўлганда келмасдим»
Бирор жойга ишга борганимда кимдир алдайди, кимдир эса боши очиқ аёл деб гап отади. Лекин ҳамманинг ўзига боғлиқ. Агар аёл кишининг ўзида инсоф бўлса ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Ҳаётимда шунақа воқеалар ҳам бўлган. Ёш болалар гап отади. Мен уларга «сенинг ҳам онанг, синглинг бор-ку! Гап отишса яхши кўрасанми?» дейман. Тушунгани тушунади, тушунмагани йўқ. Агар «унақа» аёл бўлганимда қора меҳнат қилмасдим.

















