Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон тумани ҳокимлиги ташкил этилади ҳамда 2020-2022 йилларда Бандихон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тасдиқланади.

Президентнинг тегишли қарори лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 30 ноябрдаги 2932-III-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сенатининг 2019 йил 30 ноябрдаги “Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этиш ҳамда Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги СҚ-539-Ш-сон қарори маълумот учун келтирилган.

Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон тумани ҳокимлиги ташкил этилади.

Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон тумани ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича республика комиссияси тасдиқланади.

Республика комиссияси (А.Ж. Раматов):

Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон тумани ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ зарур ташкилий техник тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлайди;

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Бандихон туманини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлашини, шунингдек юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлайди;

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этилиши муносабати билан янгидан ташкил этилаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий тузилмаларини кўп йиллик тажрибага эга бўлган малакали кадрлар билан тўлдириш чора-тадбирларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (Зокиров), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Боболов) билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар Бандихон тумани марказининг 2030 йилгача бўлган бош режасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлашни таъминлайди.

 Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилояти Бандихон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури” маъқулланади.