Жорий йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти 2020 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу Ўзбекистон тарихида илк марта: яъни, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган ҳолда илғор стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланди.

Шу қонун ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Молия вазирлиги бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Муҳамедов билан суҳбатлашдик.

2020 йилда маҳаллий бюджетлар, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадлари қандай шакллантирилади?

— Ушбу қонун билан бюджет тизимига киритилаётган асосий ўзгартиришлардан бири бу маҳаллий бюджетлар ваколатлари ўзгаришидир. 2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларга ўзларининг бюджетларини тузишда, шакллантиришда ва тасдиқлашда тўлиқ мустақиллик берилмоқда. Эндиликда улар ўз бюджетларини мустақил равишда шакллантиради ва тасдиқлайди. Мисол учун, ушбу қонунга мувофиқ, маҳаллий бюджетларнинг даромад ва харажатлари фақат маълумот учунгина кўрсатиб ўтилган. Уларга қолдириладиган солиқ турлари эса қонун билан алоҳида тасдиқланган. Яъни қайси солиқ тури, қанча миқдорда қайси ҳудудда қолдирилади? Маҳаллий бюджетлар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан эндиликда ушбу қолдирилган солиқлардан келиб чиққан ҳолда ўзларининг бюджетлари мустақил шакллантирилади ва республика бюджетидан ажратилган трансфертларни қўшган ҳолда бюджетлари баланслашган ҳолда тасдиқланади. Мисол учун, 2019 йилда ҳам маҳаллий бюджетлар фақатгина республика бюджетидан, яъни Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан тасдиқланган маблағларни шунчаки расмиятчилик учун қайта тасдиқлаган, холос. Эндиликда эса ушбу механизм йўқолиб, улар ўзлари қанча даромад шакллантирса, шунга мос равишда харажатларни ҳам режалаштиришлари мумкин бўлади.

— Тасдиқланган бюджет маблағлари етмаган ҳолларда қандай йўл тутилади? Маҳаллий бюджетларга.

Тўғри, бўлиши мумкин. Масалан, бугунги кунда бирламчи харажатлари ва инвестиция харажатлари Молия вазирлиги томонидан прогноз қилинган ва уларга етарли даражада солиқ турлари қолдириб берилган. Маҳаллий бюджетларга шундай ваколатлар берилмоқдаки, ушбу солиқларни агар эндиликда бизнинг прогнозлардан бошқачароқ тарзда прогноз қилсалар, улар ўзларининг даромадларини оширишлари мумкин бўлади. Шунга мос равишда харажатларни ҳам оширишлари мумкин бўлади. Лекин бу ерда бир нарсани унутмаслик лозимки, ушбу прогноз қилинган даромадлар келгусида тушмаслиги мумкин. Агар ушбу даромадлар маҳаллий бюджетларга келиб тушмаса, яъни Молия вазирлиги томонидан қилинган прогнозлардан ортиқча миқдорда режалаштирилган маблағлар маҳаллий бюджетларга келиб тушмаса, улар шунга мос равишда ўз харажатларини ҳам қисқартиришлари керак бўлади. Аксинча Молия вазирлиги томонидан прогноз қилинган кўрсаткичлар ҳам тушмаса-чи? Унда нима бўлади? Агар маҳаллий бюджетларга бизнинг прогнозларимиз бажарилмаса, яъни уларга етарли даражада даромадлар келиб тушмаса, улар харажатларни қисқартиришга ҳаракат қилади.