Жаҳон | 14:32 / 16.12.2019
13968
2 дақиқада ўқилади

Башар Асад Суриядан АҚШ қўшинларини чиқариб юборишнинг иккита йўли борлигини айтди

Фото: SANA / AP

Сурия президенти Башар Асад мамлакатдан АҚШ қўшинларини чиқариб юбориш учун террорчиларни йўқ қилиш ва АҚШ билан ҳамкорлик қилаётган маҳаллий қуролли гуруҳларни Дамашқ томонига оғдириш керак деб ҳисоблайди. У бу ҳақда Хитойнинг "Феникс" телеканалига берган интервьюсида айтди.

"Биринчидан, америкаликларнинг Сурияга киришига мамлакат ҳудудида террорчилар мавжудлиги сабаб бўлган. Шу боис бу экстремистларни йўқ қилишимиз шарт. Бу устувор вазифамиз", - таъкидлади Асад.

У шунингдек, Сурияда "АҚШ ҳомийлиги остидаги қуролли гуруҳлар мавжуд"лигини қўшиб қўйди.

"Бу гуруҳларни турли усуллар, айниқса мулоқот орқали уларни Сурия ҳукумати томонига ўтишга ва умумий манфаатларга жавоб берадиган жараёнларда иштирок этишга кўндириш зарур. Шунда америкаликларнинг Сурияда бўлиши учун ҳожат қолмайди", - деди у.

Асаднинг сўзларига кўра, Суриядаги америкалик ҳарбийларнинг аниқ сонини айтиш қийин, чунки гап нафақат АҚШ қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари, балки Сурияда АҚШ билан ҳамкорлик қилаётган хусусий ҳарбий компаниялардаги "минглаб, эҳтимол ўн минглаб шахслар" ҳақида бормоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид