Бугун, 16 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида «HUMAN хусусий бандлик Агентлиги» МЧЖ раҳбари Шоҳнур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар берди.
«Судланувчи Ш. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 179-моддаси (сохта тадбиркорлик), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 192-11-моддаси 2-қисми «а» банди (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖнинг раҳбари Ш. Файзуллаев ва бошқалар республикамиз вилоятларида ваколатхоналар ташкил этиб, жамият ташкил топган кундан 2019 йил 13 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида фуқароларни Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ҳар бир фуқародан таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пулларни агентликнинг банк ҳисоб рақамига тўлаш йўли билан қўлга киритиб, ушбу фуқароларни ҳеч қаерга юбормасдан, ўзганинг жуда кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.
Бундан ташқари, Ш.Файзуллаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқа шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, тузилган жиноий режа асосида «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖни ташкил этиб, АКИБ «Ипотека банк» Яккасарой филиалидан жамият ҳисоб рақамини очиб, ғайриқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, товарлар савдоси қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиб, 143 080 000 сўм пул маблағларини корхонанинг бухгалтерия ҳисоб регистрларида тегишли тартибда акс эттирмасдан, белгиланган тартибда банк муассасасига топширмагани, жамиятнинг бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини яшириб, нобуд қилиб, ҳужжатли текширувга тақдим қилмагани, жиноий йўл билан топилган пулларнинг келиб чиқишига қонуний тус беришга эришгани, сохта тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жуда кўп миқдордаги зарар етказгани аниқланган», дейилади хабарда.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан олиб борилган.














