Урганч тумани марказида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг шикоятига кўра, 4-сон МТТ ҳудудининг бир қисмида тадбиркор томонидан бино қурилган. Ота-оналар қурилманинг мақсади ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилишганида «боғча мудири учун офис», «спорт зали», «гимнастика зали» деган жавобларни олишган. Аммо, сауна қурилмоқда деган миш-мишлар тарқалгач, уларнинг хавотири ошган.

4-сон МТТ 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, турар-жойлар, мактаб ва бошқа муассасалар орасидаги аҳоли зич яшайдиган ҳудудда жойлашган. Унинг бир қисмида 1 қаватли, тахминан 50 кв.м. ҳудудда бино қурилгани, ичида пардозлаш ишлари ўтказилаётганини кўрдик. Усталар бино қандай мақсадда қурилаётганини билмасликларини айтишди. Қайд этиш жоизки, бинога кириш-чиқиш эшиги МТТ ҳудудидан эмас, балки ташқаридан очилган.

МТТ мудири Зумрад Кушчановадан қурилма ҳақида изоҳ ололмадик. У «Адолат» социал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутатлигига номзод қилиб кўрсатилган ва сайловга бағишланган йиғилишда экан. МТТ ходимлари эса бу қурилма ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтишди.

Ҳолатга аниқлик киритиш учун Урганч тумани мактабгача таълим бўлими раҳбари Дилфуза Бекиевага мурожаат қилдик. У қурилмадан хабари борлигини, МТТ ҳудуди бир қисмининг шартнома асосида тадбиркорга берилиши Ўзбекистон Республикаси президентининг 3651-қарорида кўзда тутилгани, хусусий шерикчилик асосида, тадбиркор билан шартнома қилингани, бинони қураётган шахс МТТ махсус ҳисоб рақамига ҳомийлик пулини ўтказишини айтди. Бироқ, у ҳам бино қандай мақсадда қурилаётгани ҳақида маълумот бера олмади. Шунингдек, тадбиркор билан тузилган шартнома ҳужжатларини ҳам тақдим қила олмади. Бундан ташқари, шу пайтгача ҳали «ҳомий» томонидан махсус ҳисоб рақамига 1 сўм ҳам ўтказилмагани маълум бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси президентининг «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3651-сонли қарори ва «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги» низомда мавжуд давлат мактабгача таълим муассасаларини қайта қуриш ва жиҳозлаш ҳамда кейинчалик оталиққа олиш шарти билан нодавлат мактабгача таълим муассасалари объектларини қуриш учун ер участкаларини бепул тақдим этиш тартиби белгиланган.

Аммо ер участкасини олган хусусий шерик фақат мактабгача ёшдаги болалар учун тўгараклар ва бошқа таълим хизматлари ташкил этиши лозим. Яъни, «болалар боғчаси» ҳудудининг бир қисмини дўкон, устахона, кўнгилочар тадбирлар маскани очиш ва бошқа шунга ўхшаш мақсадларда бериб юборилиши мумкин эмас. Аммо 4-сон МТТ ҳудудидаги бино эшигининг ташқаридан очилгани шунга ишора қилмоқда. Бундан ташқари, ер участкасини олишда хусусий шерик Мактабгача таълим бошқармаси билан битим тузиши, шунингдек, ҳокимликдан ер участкасига бўлган ҳуқуқ бўйича қарор чиқартириб олиши шарт. Аниқлашимизча, 4-сон МТТ ҳудудидаги бино бўйича бундай ҳужжатлар йўқ.