Ўзбекистон миллий тикланиш демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Азимжон Солиев билан суҳбатимиз асосан битта савол атрофида кечди: “ЎзМТДП учун овоз берган фуқаро жамиятдаги қайси муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшади?” Қуйида партия вакилининг бир қатор фикрлари билан танишасиз.
“Давлат тили бўйича қонунларимизни мукаммаллаштириш керак”
- Гарчи ўзбек тили расман давлат тили мақомида бўлса ҳам шунча йил давомида тилимизни тўлиқ ҳимоя қила олмадик. Энг оддий қоида: Ўзбекистонда ким бўлишидан қатъий назар барча давлат тилини билиши шарт. Аммо ҳозир аҳвол бундай эмас. Ҳатто давлат идораларида давлат тилини билмайдиганлар бор.
Бошқа миллат вакилларини камситмаган ҳолда, уларга ҳам шароит қилиб берган ҳолда ўзбек тилини том маънода давлат тилига айлантиришни дастуримизга киритганмиз. Тан олиш керак қонунчилигимизда бу борада камчиликлар бор. Айтайлик, юқорида айтганимиз – барчанинг давлат тилини билиши қонунларда кўрсатилмаган. Соддароқ қилиб айтганда тилимизни беҳурмат қилганга ҳеч қандай жавобгарлик йўқ.
Агар аниқ қилиб айтадиган бўлсам партиямизнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида 14 қисмдан иборат банд бор. Улардан бир нечтасини санаб ўтаман:
- Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ва расмий доираларда давлат тили қўлланилишига, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва идоравий ёзишмаларнинг тўлиқ давлат тилида ёзилишига эришиш.
- “Давлат тили ҳақида”ги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш.
- Оммавий ахборот воситаларида, хусусан, телевидение, радио ва кўчалардаги рекламалар ва бошқа ташқи ёзувларнинг давлат тилида бўлишини таъминлаш.
Ана шу каби муҳим аниқ режалар киритилган.
“Жамиятни зиёлилар ўзгартирмаса бошқа ҳеч ким ўзгартиролмайди”
– Тарихга мурожаат қилиб кўрсангиз, ҳар қандай жамиятнинг фақат зиёлилар ҳаракати билан тараққиётга эришганига гувоҳ бўласиз. Бежизга бизнинг электоратимиз асосан зиёлилардан иборат эмас. Чунки миллатнинг жонкуярлари ҳам шулар аслида. Нима учун ўтган асрда юртнинг элитаси, зиёлилари қатағон қилинди? Чунки юрт учун нима қилиш мумкин бўлса зиёлилар қила оларди. Инсоният тарихида дунё таниган олимлар чиққан юртдан сўнгги юз йилда ҳеч ким чиқмаганининг ҳам сабаби шу – қатағон.













