Ўзбекистон | 10:02 / 18.12.2019
5076
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ кузатувчилар миссияси Ўзбекистонга келди

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Ўзбекистонга Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг бош котиби ўринбосари Се Сяоюн бошчилигидаги кузатувчилар миссияси ташриф буюрди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан ШҲТ кузатувчилар миссияси парламент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёни бўйича кузатувни амалга оширади.

Марказий сайлов комиссиясида делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов экспертларга жорий йил бўлиб ўтадиган парламент сайловлари “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори остида ташкил этилаётганлиги, хусусан, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ҳақидаги назарий билимлари ва амалий тажрибасини ошириш, сайлов жараёнига замонавий АКТни жорий этиш, сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш ойлигини ташкил қилиш ва ўтказиш, сиёсий тадбирларда ёшларнинг фаоллигини, хотин-қизларнинг сайловлардаги ролини кучайтириш, имконияти чекланган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ўринбосари Се Сяоюн сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралиги, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан тенг ва эркин фойдаланишлари учун Ўзбекистонда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш истаги борлигини қайд этди.

Миссия сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма ОАВда чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Яқин кунларда Ўзбекистонга яна Туркийзабон давлатлар Парламент ассамблеяси (ТУРК ПА) ва  Туркийзабон давлатлар ҳамкорлиги кенгаши (ТДҲК) миссиясидан кузатувчилар келиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид