Ўзбекистон | 08:34 / 18.12.2019
13468
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Илҳом Алиев билан учрашди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

17 декабрь куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрига келди.

Сенат ахборот хизматига кўра, Ўзбекистон делегацияси Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеясининг ялпи мажлисида иштирок этмоқда.

Шу куни Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашди.

Президент И.Алиев икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига тўхталиб ўтди, президент Шавкат Мирзиёевнинг Боку шаҳрига амалга оширган ташрифи ва Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммитида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирокига урғу берди. Боку шаҳрида олий даражада бўлиб ўтган самарали музокараларга юқори баҳо берилиб, уларнинг амалий аҳамияти таъкидланди. Учрашувда озарбайжон томони эришилган келишувларни тўлиқ татбиқ этишга тайёрлиги изҳор этилди.

Шунингдек, суҳбат давомида икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Президент И.Алиев Ўзбекистон делегациясининг Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеяси тадбирларида иштирок этишини қутлаб, бу Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши фаолиятида яна бир муҳим воқеа эканини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеясининг тўққизинчи ялпи мажлиси муваффақиятли ўтишига ва унда муҳим масалалар муҳокама этилишига ҳамда яхши натижаларга эришилишига ишонч билдирилди.

Мавзуга оид