Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

а) “Global education school” нодавлат таълим муассасаси ҳамда “YUKET LLC” масъулияти чекланган жамияти (Корея Республикаси) ҳамкорлигида ташкил этилган “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 27 мартдаги 241-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган лицензия асосида 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаган;

б) Муассислар томонидан Институтнинг асосий вазифалари этиб:

меҳнат бозорининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларига, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш;

кадрлар тайёрлашда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳалари бўйича фаолият олиб бораётган ташкилотларда талабалар амалиётини мунтазам ташкил этиш;

ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда хорижий тажрибани, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқув жараёнига малакали хорижий, хорижда таҳсил олган ва малака оширган маҳаллий мутахассисларни жалб этиш;

илмий изланишларга эҳтиёжни инобатга олган ҳолда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича инновацион ва илмий- тадқиқот фаолиятини олиб бориш;

архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, интеграцияни кучайтириб бориш белгиланган.

Белгиланишича:

Институт масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Институт ректори муассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;