Ўзбекистон | 17:42 / 19.12.2019
1946
2 дақиқада ўқилади

«Кўзланган мақсадларга эришиш учун инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги таъминланиши керак» – канадалик кузатувчи

22 декабрь куни ўтказиладиган вакиллик органларига сайловларни қисқа муддатда кузатиб борувчи халқаро кузатувчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи бошланди.

Бугун, 19 декабрь куни халқаро эксперт сифатида Тошкентга келган Канада парламенти аъзоси, Канада-Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси Зиёд Абултаиф билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда сенатор Раҳматулла Назаров халқаро экспертга жорий йилги сайлов жараёнида амалга киритилган янгиликлар, хусусан, «Сайлов кодекси»нинг қабул қилингани тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида, Зиёд Абултаиф сайловда халқаро вакил сифатида иштирок этиш, номзодларнинг қай тариқа ғолибларга айланиши ва давлат бошқарувига келиши жараёнини кузатиш ўзи учун масъулиятли вазифа эканини таъкидлади.

«Ҳозиргача бўлган қисқа муддатли ташрифимда ҳам мамлакатда рўй бераётган оптимистик ўзгаришларни сездим. Бу, айниқса, одамлар ёки расмий доира вакиллари билан суҳбатларда ҳам билинди», – деб таъкидлади канадалик сиёсатчи.

«Сир эмаски, Ўзбекистон кейинги 15 йилда тараққиёт учун катта мақсадларни ўз олдига қўйган. Давлатнинг муваффақиятга эришиши учун эса демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлигини таъминлаш зарур бўлади», – дея қўшимча қилди у.

Зиёд Абултаиф, шунингдек, ҳеч қаерда сайлов мукаммал тарзда ўтмаслиги, камчиликлар жараённинг ўзида бартараф этиб борилиши кераклигини ҳам қайд этиб ўтди.

«Айни пайтда Ўзбекистонда бўлган қисқа муддатлик ташрифим давомида Марказий сайлов комиссиясининг стандартларига мос ташкил этилганини, сайлов ташкилотчилиги қоидаларга мос эканлигини сездим, бироқ умумий хулоса ва натижани сайловлар тугамай туриб олдиндан айтиш имконсиз», – деган Канада парламенти аъзосининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид