18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган ер ўпирилиши оқибатида 6 нафар ишчи ҳалок бўлди. Қурбонларнинг ҳар бири учун уларнинг оиласига 100 млн сўмдан компенсация тайинлангани ҳақида маълум қилинди.

Мазкур компенсация маблағлари ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси топшириғига биноан ажратилган ва жабрланганларнинг яқинларига етказилган.

Хўш, ушбу компенсация тўловлари ҳақида қонун ҳужжатларида бирор нарса айтилганми, у нимага асосан тайинланди, жабрланганларнинг яқинларига яна қандай тўловлар тўланиши лозим? Қуйида шулар ҳақида қисқача тўхталамиз.

Маълумки, ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки вафот этишига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар махсус текширишдан ўтказилиши лозим. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳудудида ва унинг ташқарисида меҳнат вазифаларини бажараётганда юз берган жароҳатланиш, заҳарланиш, портлаш, фалокатлар, иморатлар, иншоотлар ва конструкциялар бузилиши, куйиш, музлаш, электр токи ва яшин уриши, шунингдек табиий офатлар (шу жумладан, ўпирилишлар) туфайли саломатликнинг бошқа хил шикастланишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар текширилади ва ҳисобга олинади.

Ушбу низом талабига кўра, беш ва ундан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида тузилган комиссия томонидан текширилади.

Махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади, корхонадаги меҳнатни муҳофаза қилиш аҳволини, агар зарур бўлса, тармоқнинг бошқа корхоналарида ҳам текширишни ташкил этади, махсус текшириш далолатномасини тузади.

Комиссия аъзолари жабрланувчилар ёки уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ташкил этади, зарур бўлса тегишли органларга таклифлар киритишади ёки ижтимоий тусдаги ёрдам масалаларини жойида ҳал қилишади, жабрланувчига ёки вафот этганнинг оила аъзоларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради.

Ушбу қоидадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Юнусобод фожиасида жабрланганларнинг оила аъзоларига ажратилган компенсация тўловлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва Ҳукумат комиссияси тасдиқлаган миқдорларда амалга оширилган.