Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Бу қоида ва меъёрлар асосини эса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умумэътироф этилган демократик принциплар ташкил қилади.

Шунингдек, бу принциплар қаторига, жумладан, қонунийлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари ҳам киради. Шу асосда мамлакатимизда сайловда иштирок этувчи ҳар бир шахснинг сайлов жараёнларидаги фаолияти билан боғлиқ асосий тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича қонуний кафолатлар миллий қонунларимизда батафсил белгилаб берилган.

Шу ўринда сайловда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда кимга ёки қаерга мурожаат этиши лозим, деган савол туғилиши табиий.

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, амалдаги қонунларимизда сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан қоида тариқасида юқори сайлов комиссиясига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Қайд этиш жоизки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини судларнинг мустақиллигисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирор мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.

Чунки фақат амалда тўлиқ мустақил суд адолатли, асосли ва қонуний қарорлар қабул қилади. Қонуний қарор эса, жамиятимизда адолат тамойилларини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади.

Ҳолбуки жамиятимизда барча масалалар, хусусан манфаатдор шахс сайлов комиссиялари қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмасдан, тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши ҳам мумкин. Бунда юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмагани ҳолати манфаатдор шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди.

Кодекс талабига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлислар, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси қарорлари устидан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади. Чунки улар энг юқори инстанция ҳисобланиб, қабул қилган қарорларининг қонунийлигига баҳо берувчи юқори сайлов комиссияси мавжуд эмас.