Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Президент фармони лойиҳасида белгиланишича:
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бошқарув кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат бошқарувининг талаб этилган ва истиқболли йўналишлари бўйича, давлат органлари ва ташкилотларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, шу жумладан, очиқ танлов асосида амалга оширилади;
Академия давлат органлари ва ташкилотларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, белгиланган квоталардан ташқари тўлов-контракт асосида очиқ танлов йўли билан давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш ҳуқуқига эга;
Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таҳсил олувчи давлат фуқаролик хизматчилари контингенти ҳар йили 1 августга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан тасдиқланади.
Администрация, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари томонидан Академияда давлат бошқарувининг долзарб масалалари бўйича мунтазам равишда маъруза, мастер-класс ва суҳбатлар шаклида машғулотлар ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4472-сон Қарорига мувофиқ, Академия қошида Давлат фуқаролик хизматчилари малакасини ошириш маркази ташкил этилмоқда.
Белгилаб қўйилишича, Марказ юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:
давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг узлуксиз малакасини ошириш, шунингдек, янги компетенцияларга ўргатиш тизимини ташкил этиш;
давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, янги компетенцияларга ўргатиш фаолиятини амалга оширишда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, шунингдек, қонунчиликда ўрнатилган тартибда лицензияланган нодавлат таълим муассасаларига услубий кўмаклашиш;
тармоқ хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда республика, вилоят ва туман даражасидаги давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш.















