Россия Ўзбекистон мудофаа вазирлигига Ми-35М жанговар-транспорт вертолётларини етказишни бошлади. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага асосланиб “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар берди.

Аввалроқ Россия икки йил давомида Ўзбекистонга 12 та Ми-35М етказиб бериши маълум қилинган. Илк 4 та вертолётни 2019 йил 4-чорагида етказиб бериш режалаштирилганди. 

Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати маълумотларига кўра, вертолётлар ва уларга тааллуқли мулк Ўзбекистонга 2017 йилда берилган давлат экспорт кредити доирасида амалга оширилмоқда.

Ми-35М вертолёти зирҳли-танк техникасини йўқ қилиш ва қуруқликдаги қўшинларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. У юқори аниқликдаги замонавий қурол билан жиҳозланган ва турли об-ҳаво шароитларида кеча-кундуз жанговар вазифаларни бажара олади. Вертолётнинг муҳим жиҳатларидан бири унинг юк кабинасида одамлар ва ҳарбий аслаҳаларни таший олиши ҳисобланади.