Жамият | 09:25 / 21.12.2019
7382
2 дақиқада ўқилади

Россияда маоши берилмаётган Ўзбекистон фуқаролари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилди

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2019 йилнинг 3 декабрь куни маошлари берилмаётгани ва ётоқхонадан мажбурий чиқариб юборилаётгани тўғрисида ОАВда мурожаати тарқалган Ўзбекистон фуқаролари - ICA Construction компанияси ходимларининг асосий қисми 19 декабрь ҳолатига кўра иш ҳақларини тўлиғича олди. 

Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарга кўра, қолганларнинг маошлари ҳам келишилган жадвал асосида берилади.

4 декабрь куни бош консулхона ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ходимлари Колпино шаҳрига борган эди. Ҳамюртларимиз ва ICA Construction компаниясининг масъул ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувларда юртдошларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилган.

Консуллик ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтишича, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск области, Калининград области, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград области, Мурманск области, Ненец автоном округи, Новгород области, Псков области, Санкт-Петербург шаҳри, Вологда области) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид