Kun.uz 27 июл куни Москва шаҳридаги қурилиш майдонларидан бирида ўтказилган рейд ҳақида хабар берганди. Таҳририятга келиб тушган видеоларда мигрантлар ерда чўккалаб юришга мажбур қилинганини кўриш мумкин. Уларга нисбатан бундай муносабатнинг сабаби маълум эмас, мурожаат қилувчилар рейд ўтказганларнинг кимлигини ҳам била олишмаган. Қизиғи, ҳеч кимдан ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмай ва текширилмай туриб, мигрантларга шундай ҳолатда юриш буюрилган.

Миграция агентлиги ва Россиядаги дипломатик миссия ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Рейд ўтказилгани тасдиғини топди, воқеа жойида қўшни давлатлар фуқаролари ҳам бўлган. Kun.uz га маълум қилинишича, ҳужжатлар текширувидан кейин олиб кетилганлар Тожикистон фуқаролари ҳисобланади.

Агентликнинг расмий муносабатида билдирилишича, қурилиш объектида 320 нафардан ортиқ хорижий давлат фуқаролари, жумладан 70 га яқин ўзбекистонликлар ишлайди. Kun.uz га тақдим этилган фото ва видеоларда агентлик ҳамда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакиллари объектларга бориб, юртдошларимиз билан гаплашаётгани акс этган.

Агентлик Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб, рейдлар ва бошқа ҳолатлар давомида меҳнат ҳуқуқлари бузилган бўлса, қўрқмасдан билдиришларини сўради. Зарур ҳолларда агентлик жамғармаси ҳисобидан 3000 АҚШ долларигача адвокат хизматлари харажатлари қопланиши ҳам айтилган.

Бироқ Kun.uz билан гаплашган мурожаатчиларга кўра, эълон қилинган видеолардан кейин қурилишдаги ишчиларга босим кучайган. Уларнинг телефонлари текширилиб, хабар ким томонидан тарқатилганини аниқлашга уринишмоқда. Шунингдек, ишчиларга ичкаридаги гапни ташқарига олиб чиқмаслик ҳам буюрилган.

Агентлик рейддан кейин олиб кетилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини айтмоқда, бироқ таҳқирланганлар орасида юртдошларимиз ҳам бўлган. Ҳолат юзасидан якуний муносабат эъқон қилиниши айтилди.