22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилди.

Кўпчилик юртдошларимиз ўз фуқаролик бурчини адо қилиб, сайловларда иштирок этиб, партиялар томонидан кўрсатилган номзодларга овоз беришди. Жараён ОАВ орқали кенг миқёсда ёритилди.
Сайловдан кейинги овозларни санаб чиқиш босқичи омма эътиборига ҳавола қилинмаган. Аммо бу йилги сайловда Kun.Uz мазкур жараёнда иштирок этишга муваффақ бўлди. Натижада, одатда парда ортида қоладиган воқеаларни ўқувчилар билан ўртоқлашиш имконияти туғилди.
Эслатиб ўтиш жоизки, овозларни санаш босқичида ҳар бир партиядан кузатувчилар, халқаро кузатувчилар, матбуот ходимлари иштирок этиши мумкин. Аммо улар жараёнга аралашмайди.

Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги 117-округ, 28-сайлов участкаси. Соат 20:00, сайловда овоз бериш жараёни якунланди. Комиссия раиси бу ҳақда эълон қилди.
Сайлов участкасининг эшиги ёпилди. Энди сайловчиларнинг ичкарига кириши мумкин эмас. Овозларни санаш жараёнида фақат сайлов комиссияси аъзолари қатнашади, партия вакиллари, матбуот ходимлари кузатиб туради.

Комиссия раиси сайлов бюллетенлари солинган қутилардаги тамғаларнинг бутлигини ва рақамларининг баённомага мос келишини текширди.

Сайловда иштирок этган ва бюллетень олган сайловчилар сони санаб чиқилди. Уларнинг миқдори баённомада кўрсатилди.

Муҳим! Сайловчиларга берилмаган, яъни сайловда фойдаланилмаган бюллетенларнинг юқори чап қисми қирқиб ташланди – улар яроқсиз ҳолатга келтирилди.

Сайловда фойдаланилмаган, яроқсиз ҳолатга келтирилган бюллетенлар қопларга солиб, тамғаланди.




















