16:00 / 23.12.2019
1
70417

Қошиқчининг ўлдирилиши. Беш нафар айбланувчи ўлимга ҳукм қилинди

Фото: AP Photo/Lefteris Pitarakis

Саудия Арабистонида ўтган йилнинг октябрида Истанбулда ўлдирилган саудиялик журналист Жамол Қошиқчи ўлими иши бўйича тергов ишлари якунланди. Уни ўлдиришда айбланган беш киши ўлим жазосига, яна уч киши 24 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилди.

Шу билан биргаликда, Саудия ҳукумати ушбу қотиллик аввалдан режалаштирилмаган ҳолда содир этилганини маълум қилган. Бу эса ҳукуматнинг аввалги баёнотларига мос келмайди.

Қиролликнинг Истанбулдаги бош консулхонаси консули жиноят содир этилган вақтда бошқа жойда бўлганини исботловчи далилларни тақдим этгани боис айбсиз деб топилди.

Судланганлар орасида Саудия тахти валиаҳди Муҳаммад ибн Салмоннинг маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний йўқ. Ҳолбуки айнан у ОАВ томонидан қотиллик ташкилотчиси сифатида кўрсатилганди.

Қотилликка алоқадорлардан бири сифатида кўрилган мамлакат разведкаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Аҳмад ал-Асирий эса ўтган йили истеъфога чиқарилиб, ҳибсга олинганди, аммо у далиллар етарли бўлмагани сабабли қўйиб юборилган.

Саудия Арабистони ҳукумати танқидчиси бўлган Жамол Қошиқчи АҚШнинг Washington Post нашрида шарҳловчи сифатида ишлаган ва 2017 йилдан АҚШда яшаган. 2018 йил 2 октябрь куни у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига ҳужжатларни расмийлаштиргани киргач бедарак йўқолган.

Аввалига Саудия Арабистони ҳукумати журналистнинг ўлими ҳақидаги хабарларни рад этган ва у элчихонани соғ ҳолда тарк этганини билдирганди. Кейинроқ Саудиядаги нашрлар Қошиқчи элчихона ҳудудида ҳалок бўлганини тасдиқловчи хабарларни тарқатди, аммо бу хабарларда Қошиқчининг ўлимига консуллик ходимлари билан жанжаллашиб қолгани олиб келгани айтилди.

Кейинроқ расмий Ар-Риёд журналистнинг ўлими қасддан содир этилганини тан олишга мажбур бўлганди.

Истанбул прокуратураси маълумотига кўра, Қошиқчи консулликда бўғиб ўлдирилган ва унинг жасади бўлакларга бўлиниб, консуллик ҳудудидан олиб кетилган. Шу вақтга қадар унинг жасади қолдиқлари топилмаган.

Саудия Арабистони бош прокуратураси баёнотига кўра, Қошиқчининг ўлдирилиши иши бўйича 21 киши ҳибсга олинган.

Валиаҳд шаҳзоданинг қандай алоқаси бор?

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон / GETTY IMAGES

Қошиқчи бир қанча яқин дўстлари ҳибсга олингач 2017 йилнинг сентябрида Саудия Арабистонини тарк этганди. Шундан кейин у Американинг Washington Post нашрида колумнист сифатида ишлай бошлаган.

Ватанни тарк этган Қошиқчи шаҳзода Муҳаммадни диссидентларни таъқиб қилишда айблайди ва бу ҳақда ўз мақолаларида ёзади.

Бу танқидлар эса Ғарбда ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатишга уринаётган валиаҳд шаҳзоданинг обрўсига салбий таъсир кўрсатади.

Washington Post ва New York Times нашрлари шу вақтга қадар шаҳзодани подшоҳликнинг модернизациялашуви тимсоли сифатида тақдим этиб келишарди. 2018 йилнинг баҳорида АҚШга ташрифи давомида Муҳаммад ибн Салмон Google, Amazon ва Apple асосчилари билан учрашган, шунингдек, Facebook офисига борганди.

Жамол Қошиқчининг қайлиғи Ҳадича Денгиз. У Қошиқчи билан консулликка бирга борганди

Қошиқчи Истанбулдаги консулликда йўқолиб қолгач шаҳзодага бўлган муносабат тубдан ўзгарди.

Туркияда ҳам, Ғарб мамлакатларида ҳам шаҳзодани журналист ўлимидаги айбдорлардан бири сифатида айблашди. АҚШ Сенати 2018 йилнинг декабрида тегишли резолюцияни қабул қилганди.

Экспертлар ва танқидчилар таниқли диссидентнинг қотиллиги Муҳаммад ибн Салмоннинг розилиги билан амалга оширилганини тусмол қилишади.

Ар-Риёдда эса подшоҳлик хонадони бу қотилликка алоқадорлиги кескин рад этилади.

Мавзу
Жамол Қошиқчининг ўлими
The Washington Post нашри учун ишлайдиган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб кетгач, изсиз йўқолди
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top