Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сайлов тугагач овозлар қандай ҳисобланади? — Бир сайлов участкасидан видеорепортаж
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга овоз бериш жараёни якунлангач, Самарқанд шаҳридаги №123-сайлов участкасидаги саноқ жараёни билан танишдик.
Овозларни санаш жараёни бошлангач, дастлаб, сайлов қутиси очилиб, сайлов бюллетенлари номзодларга берилган овозларга қараб саралаб чиқилди.
Сўнгра уларнинг орасидан нотўғри овоз бериш натижасида бузилган ва овоз берилмаган бюллетенлар ҳам саралаб олинди.
Энг аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, сўнгра вилоят кенгаши, энг охирида Самарқанд шаҳар кенгаши бюллетенлари шу тарзда сараланди.
Овозлар санаб бўлингач, сайловда қатнашган сайловчиларнинг сони жадвал бўйича яна бир бор санаб, текширилди. Сўнгра сайловда иштирок этмаган бюллетенлар саналди. Бундай бюллетенларнинг чети қайчи билан қирқилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди.
Энг охирида қайд этилган натижалар баённомага туширилди. Баённома уч нусхада тузилди ҳамда участка сайлов комиссияси раиси ҳамда аъзолари томонидан имзоланди.
Самарқанд шаҳридаги 123-сайлов участкасида сайлов давомати кутилганидан паст бўлди.
Олий Мажлис учун ўтказилган сайловда қатнашиш учун 2601 нафар сайловчи рўйхатга олинган, 3000та сайлов бюллетени тайёрланган эди. 22 декабрь куни эса сайловга 953 киши келди ва давомат 36,6 фоизни ташкил этди. 2047 дона бюллетен фойдаланилмагани ёки бузиб қўйилгани учун бекор қилинди.
Давомат пастлигини участка сайлов комиссияси раиси Обид Рўзиқулов сайлов қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилингани, бир кишига битта бюллетень берилгани билан изоҳлади.
Чиндан ҳам ушбу сайлов участкасида барчаси ҳалол ўтди, дейиш мумкин.
Чунки вилоят ва шаҳар кенгашига қўйилган 4 нафар номзодга берилган бюллетендаги овозлар сони деярли тенг чиққан.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:38 / 17.02.2026
Қирғизистонда Конституциявий суд навбатдаги президентлик сайлови санасига аниқлик киритди
11:58 / 12.02.2026
Зеленский сайловлар ҳақидаги хабарларни инкор қилди
19:02 / 11.02.2026
АҚШ Киевдан баҳорда президентлик сайловлари ва референдум ўтказишни талаб қилмоқда
16:06 / 09.02.2026