Ўзбекистонда 22 декабрь куни вакиллик органларига бўлиб ўтган сайлов жараёнлари хусусида халқаро кузатувчилар ўз хулосаларини баён этмоқда.

23 декабрь куни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун келган миссияси аъзолари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда миссия аъзолари бевосита сайлов ва сайловдан кейинги овоз ҳисоблаш жараёнлари бўйича ўзларининг дастлабки хулосаларини баён этишди.

“Қонунчилик базаси яхшиланган, лекин бу амалда ҳаммаси ижобийлашди дегани эмас”

ЕХҲТ махсус координатори Георгий Церетели сайлов қонунчилигининг яхшилангани, лекин бу амалда ҳали тўла намоён бўлмаётганини қайд этди.

“Сайлов янгиланган қонунчилик асосида ўтказилди. Сайловчиларнинг ягона реестри шакллантирилгани ва ногиронларнинг овоз бериши учун шароит яратилганини алоҳида қайд этиш лозим. Сайлов участкаларидаги ходимлар ўқитилган. Лекин малака етарли даражада эмас.

Сайлов кодексини тузишда ЕХҲТ томонидан берилган тавсиялар ҳам инобатга олинган. Қонунчилик базаси яхшиланганини эътироф этамиз, лекин бу амалдаги жараёнларнинг ҳам тўла ижобийлашганини англатмайди. Ҳукумат шаффофликка интилаётган бўлса ҳам, чекловлар ҳалигача мавжуд”, ─ деб таъкидлади у.

Георгий Церетели

ЕХҲТ вакили сайлов жараёнида ва ундан кейинги овоз санаш давомида кузатилган камчиликларни санаб ўтди ҳамда ушбу жараён ноқонунийликлардан холи бўлмаганини қайд этди.

“Бевосита жараёнда бир қатор камчиликларни кузатдик. Бир нафар фуқаро келиб, барча оила аъзоларининг номидан овоз бериб кетиши ҳолатлари бор. Бу эскидан қолган одат.

Ҳисоб-китоб жараёнининг ўз қоидалари мавжуд. Аммо бу қоидаларга ҳурмат билан муносабатда бўлинмади. Камчиликлар ҳақида кузатувчиларимиз керакли кўрсатмаларни беришган. Лекин салбий хулоса ўз ўрнида қолмоқда. Мен ўзим ўнта участкада бўлиб кузатдим. Шунинг ўзи ҳам умумий манзара ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун етарли бўлди. Бир-иккита жойда бўлган хатолар бошқа участкаларда ҳам такрорлангани табиий”, ─ дея ўз хулосаларини билдирди у.