Энди бухгалтерлар карталарга онлайн буюртма бериши, лимитлар белгилаши ҳамда чекларни тўғридан-тўғри Didox ва 1С тизимларида қабул қилиши мумкин. Чеклар солиқ тизимида автоматик равишда рўйхатдан ўтказилади, 1С да эса тайёр аванс ҳисоботлари шаклланади. Барча жараёнлар бухгалтериянинг биргина буйруғи билан, инсон омилисиз бажарилади.

«Сўнгги беш йилда корпоратив карталардан фойдаланиш сезиларли камайди. Бунинг асосий сабаблари ортиқча қўл меҳнати, харажатлар устидан назоратнинг йўқлиги ва карталарни бошқариш учун қулай тизим мавжуд эмаслигидир. Оқибатда бухгалтерия фақат қийинчиликка дуч келмоқда. Корпоратив харидни ҳисобга олиш учун бухгалтер ходимдан чекни олиши, реквизитларни солиқ тизимига қўлда киритиши ҳамда аванс ҳисоботини расмийлаштириши керак. Бу эса хатоликлар ва жарималар хавфини туғдиради. Мана шундай мураккабликлар сабаб кўплаб компаниялар корпоратив карталардан умуман воз кечишмоқда», — дейди Didox компаниялар гуруҳи раҳбари Асқар Исмоилов.

Didox компанияси Uzcard ва Aloqabank билан ҳамкорликда айнан бухгалтерия эҳтиёжларига мослаштирилган махсус картани муомалага чиқарди. Карта компания номига расмийлаштирилиб, муайян ходимга бириктирилади ва Didox тизимига тўлиқ интеграция қилинган. Карта орқали бажарилган барча амалиётлар дарҳол ҳисоб-китобда акс этади: чеклар тизимга автоматик юкланади ҳамда бухгалтернинг биргина буйруғи билан аванс ҳисоботлари тайёрланади. Харажатлар эса реал вақт режимида тўлиқ назорат қилинади!

«Илгари корпоратив картадан қилинган харажатлар бўйича аванс ҳисоботларини тузишга соатлаб вақтим кетарди. Ҳозир эса ходим дўкондан қайтиб келгунича ҳисобот тайёр бўлади, жараёнга бор-йўғи бир неча дақиқа кифоя», — дейди «FAS-TRADE» МЧЖ бош бухгалтери Дон Ле.

Карта қандай ишлайди?

Бухгалтер Didox тизимига кириб, керакли ходимга карта буюртма қилади ва дарҳол харажат суммаси, муддати ҳамда тури бўйича лимитларни белгилайди. Шунингдек, карточкадан фойдаланишни савдо нуқталари тоифалари (MCC-кодлар) бўйича ҳам чеклаш мумкин. Масалан, тўловни фақат канцелярия дўконлари ёки ёқилғи қуйиш шохобчаларида амалга оширишга рухсат бериб, кафе ва супермаркетлардаги харидларни чеклаб қўйиш имконияти бор. Бу созламаларнинг барчаси олдиндан, тизимнинг ўзида бир неча сонияда осонгина бажарилади. Ходим эса ўз картасидан одатдагидек дўкон, кафе, меҳмонхона ёки онлайн харидларда фойдаланаверади. Тўлов амалга оширилиши билан фискал чек автоматик тарзда Didox ва 1С тизимларига келиб тушади. Уни сканерлаш ёки расмга олиб жўнатишга ҳожат қолмайди. Зарурат туғилганда, бухгалтер биргина тугмани босиш орқали чекни солиқ қўмитасига юбориши ва рўйхатдан ўтганлик тасдиқномасини олиши мумкин. Натижада барча харажатлар шу заҳоти бухгалтерия ҳисобида акс этади, аванс ҳисоботи эса керакли катаклари тўлдирилган ҳолда автоматик шаклланади. Бу эса бухгалтерда йўқотилган ҳужжатлар ва қўлда солиштириш (сверка) каби оворагарчиликлар мутлақо бўлмаслигини англатади.