Аҳоли вакилларидан келган мурожаатни ўрганиш учун Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани Ақча қишлоғига бордик.

Ақча маҳалласида 424та хонадон бўлиб, аҳоли сони 2336 нафар. Каттагина қишлоқ.  Тўғриси, бизга арзнома йўллаган шу маҳалла фуқароси Зулунбой Маҳкамов «ушлаган жойини қўйиб юбормайдиган»лардан экан. У кишининг тинимсиз қўнғироқларидан сўнг Ақчанинг ўзига бориб мурожаатчининг нақадар ҳақлигига гувоҳ бўлдик.

Икки йил тўхтовсиз ёзилган аризалар

Маҳалладаги ҳолат билан танишиш асносида аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.

«Ўн йил Россияда ишлаб, 2017 йили қайтдим. Қишлоқдаги ичимлик суви умуман йўқ бўлиб кетибди. Йўл, болалар боғчаси ва электр таъминотидаги камчиликларни кўриб, турли идораларга мурожаат қилишга тушдим. Ариза ёзмаган ташкилотим қолмади. Лекин иш силжиши жуда қийин бўлди. «Нажот эшигини тақиллатаверсанг очилади», дейишган. Мен ҳам шундай қилдим. Туман ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари ва президент порталига жўнатган мурожаатларимга 2018 йилда аста-секин жавоб кела бошлади. Вилоят «Сувоқова» ташкилотининг ўша пайтдаги бошлиғи М.Ахунов 2018 йилнинг июль ойида сув тармоғи аҳоли билан ҳамкорликда таъмирланиши режалаштирилгани ҳақида маълумот берганди.

Жалақудуқ ҳудудий электр тармоқлари 2018 йил апрель ойида ҳудуддаги 424 хонадонга хизмат кўрсатаётган эски трансформатор ўрнига 2019 йилнинг иккинчи чорагида катта қувватли трансформатор қўйилиши ҳақида жавоб хати жўнатди.

Бироқ ваъдалар берилгани билан амалий ишга ўтишмади. Тошкент шаҳридаги президент қабулхонасига шу йилнинг ўзида 3 марта ариза ёзиб келдим. Мутасаддиларни столдан турғизиш жуда қийин кечди.

Узоқ йиллик уринишларимиздан сўнг маҳалламизга 2019 йилнинг иккинчи ойидан сув тармоғи тортишга тушишди, сув минораси ўрнатилди, лекин август ойида ишлар чалалигича қолиб кетди.