Фейсбукда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳисоби ҳақидаги пост остида қолдирилган фикр: «Солиқ калькуляциялари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмасам-да, кичик бизнес вакиллари фикрига қараганда, ҚҚС уларга қаттиқ зарба беряпти ва фақат катта ўйинчилар учун қулай муҳитни яратмоқда».

Тўғри ташхис қўйиш қанчалик муҳимлигини англаш учун шифокор бўлиш шартмас. Шу туфайли (агар тегишли тиббий малака бўлмаса), ўз-ўзини даволаш билан шуғулланмаслик ёки саводсиз шифокорларга ишонмаслик лозим. Нотўғри ташхис билан «тўғри» даволаш беморга шифо эмас, ўлим келтириши мумкин.

ҚҚСга ўтиш муаммолари

2019 йилда ҚҚСга ўтган кўплаб корхоналарнинг (ҳаммасини эмас, кўпчилигининг – баъзи корхоналар бундан ютиб ҳам чиқди) муаммолари нимада?

Улар учун солиқ юки ошди. ҚҚС кўп харажат талаб қиладиган солиқ бўлгани учун, унга ўтгандан кейин, корхоналарнинг солиқ юки ошди. Шу туфайли «ҳаммасига ҚҚС айбдор» деган хулоса келиб чиқмоқда. Бу эса касалликнинг асосий сабабини ҳароратнинг кўтарилишига боғлашга ўхшайди. Бироқ, юқорида айтганимиздек, нотўғи ташхис – нотўғри даволашга олиб келади.

Бизнесга тўғри ташхис қўйиши керак бўлган баъзи одамларнинг (бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари) билимсизлиги ёки шахсий манфаатдорлиги (уларнинг бизнесида ҚҚС фойдали эмас, бухгалтерларга ҚҚСни ҳисоблашдан кўра, ЯСТни ҳисоблаш осонроқ) натижасида жаҳолат оловига ўтин қалаши, «Сизларни огоҳлантирган эдик, ҳаммасига ҚҚС айбдор» деб жар солиши билан вазият мураккаблашмоқда.

Таъкидлайман, гап молиявий хизматлар соҳасидаги барча мутахассислар ҳақида эмас, балки баъзи виждонсиз ва/ёки малакасизлар ҳақида кетмоқда.

Ташхис қўйишга қайтамиз. Аслида бизнес ҚҚСдан эмас, балки солиқ юкининг оғирлиги ва уларни турли режимдаги корхоналар ва ҳатто алоҳида субъектлар (индивидуал имтиёз олганлар) ўртасидаги тақсимотининг нотекис эканидан азият чекмоқда.

Аслида жуда кўп (ўн минглаб) корхоналарнинг ягона солиқ тўловидан (ЯСТ) ҚҚСга ўтказилиши – шубҳасиз, прогрессив қадамдир. Чунки ЯСТ ва оборотдан олинадиган бошқа солиқлар – ихтисослашув, ижтимоий меҳнат тақсимотининг, демакки иқтисодиётимиз келажагининг қотилидир. Солиқ ислоҳотисиз Ўзбекистон иқтисодиётини дунё хўжалигининг хом-ашё ўсимтаси сифатида қотиб қолишига маҳкум қилган бўлар эдик.

Ислоҳотларнинг жуда ҳам идеал тарзда (юмшоқ айтганда) ўтказилмагани ва натижада кўплаб корхоналарга қўшимча қийинчилик туғдиргани бошқа масала.