«Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Олмаота яқинида йўловчи самолёти қулаши оқибатида одамлар ҳалок бўлгани сабабли 2019 йилнинг 28 декабрини миллий мотам куни деб эълон қилди», дея хабар берган президенти матбуот котиби Берик Уали.
Бугун тонгда Олмаотадан Нур-Султонга учмоқчи бўлган Bek Air авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган, шундан сўнг аҳоли турар жойлари ҳудудига қулаган.
Ҳозирча қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. Олмаота аэропорти маълумотига кўра, самолётда бўлган йўловчиларнинг камида 60 нафари омон қолган. Интерфакс аэропортдан шифохонага олиб кетилган йўловчилар рўйхатини келтирган. Самолётда жами 93 йўловчи ва экипажнинг 5 нафар аъзоси бўлган.
Қозоғистон фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси ҳодиса оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ва 49 киши жароҳатланганини тасдиқлаган. Мамлакат бош вазири ўринбосари Роман Скляр шифохонага ётқизилганларнинг 18 нафари оғир аҳволдалигини маълум қилган. 12 қурбоннинг 8 нафари воқеа жойида вафот этган, 2 киши аэропорт ҳудудида бўлиб турганида, яна 2 киши шифохонада жон берган.
Шу билан биргаликда, тиббиёт ходимлари 15 киши вафот этгани ҳақида маълумот беришган.
Almaty airport, Kazakhstan, has published a list of 60 passengers it says survived and are being treated in hospital after a plane crash this morning. 100 people were on board, including crew. The Bek air flight reportedly lost height soon after take off. pic.twitter.com/oBBSBfzCKj
— Sarah Rainsford (@sarahrainsford) December 27, 2019
Ҳаво кемаси командири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчи учувчи айни вақтда оғир аҳволда шифохонада қолмоқда. Самолёт «қора қутиси» топилган ва текшириш учун мутахассисларга юборилган.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, самолёт йўловчилари орасида Украина, Қирғизистон ва Хитой фуқаролари ҳам бўлган.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби Тлеухан Абилдаевнинг маълумотига кўра, аэропортдан жами 66 киши шифохонага олиб борилган, уларнинг 50 нафари шифохонага ётқизилган.




















