“Электрон ҳукумат” тизимининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди. Ҳужжат 2020 йил 31 декабрга қадар амал қилади.
 
Norma’нинг ёзишича, низом “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, устав фондида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат хизматларини кўрсатиш ва электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.
 
Маълумот учун:

электрон ҳукумат - давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш - давлат органлари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотлар алмашиш (“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).
 
Ахборот тизими ўзини ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, уни қайта ишлаш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари сифатида намоён қилади. Ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси ахборот ресурси ҳисобланади.
 
“Электрон ҳукумат” тизими ахборот тизимлари ва ресурсларининг Ягона реестри ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари рўйхати ҳамда улар ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади. Интернетда очиқ ва умумий фойдаланилиши учун жойлаштирилади. ЛБМА қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУК Ягона реестрдан фойдаланишни ва унинг фаолиятини назорат қилади, шу жумладан маълумотлар базаларида жойлашган ахборотни қайта ишлайди.
 
Давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматларини кўрсатиш ва электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари Ягона реестрда мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилади. Бунинг учун давлат органи ва ташкилоти Ягона реестрдаги шахсий кабинет орқали ахборот тизимлари ва ресурслари ишга туширилган вақтдан бошлаб 10 иш кунидан кечиктирмасдан талабнома юбориши керак. Шахсий кабинет очиш учун Операторга ёзма равишда сўров юбориш лозим, у 2 иш куни мобайнида кўриб чиқилади, шундан кейин ариза берувчига унга кириш учун ёзма равишда логин ва пароль берилади.