Ўзбекистон Лига кубоги финалида VAR тизими оффлайн тизимида синовдан ўтказилди. Ҳозирда мутахассислар гуруҳи мамлакатимиздаги стадионларни баҳолаб, ушбу тизимга мослаштириш йўлидаги ҳаракатлар учун кўрсатмалар беришмоқда. Айтишларича, 2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Суперлигасида ҳам VAR тизими тўлиқ амал қилади.

Аввало, VAR қандай ҳолларда қўлланишини ҳам эслаб ўтсак. Содир бўлиши мумкин бўлган тўрт ҳолат бўйича, ҳакам видеотакрорга мурожаат қилган ҳолда якуний қарорни чиқариш мумкин. Бундай ҳолатлар содир бўлганида, ҳакамнинг VAR бўйича ёрдамчиси махсус алоқа воситаси ёрдамида бош ҳакамга маълум қилади ва вазиятни аниқроқ баҳолаш учун ўйин тўхтатилади. Бу тўрт вазият қуйидагилар:

1. Гол ёки гол эмас

Урилган ҳар бир гол VAR ёрдамчи ҳаками орқали чуқур ўрганилади. Айниқса, жарима майдонида қоида бузилиши ёки офсайд борасида вазиятга ҳатто маълум сониялар орқага қайтариб ҳам баҳо берилади. Видеотасвир ёрдамида гол ёки инобатга олинади ёки ҳаққоний эмас, деб топилади.

2. Пенальти

Жарима майдони ичкарисидаги ҳодисалар – ҳимоячининг қоида бузиши, тўп қўлга тегиши каби вазиятлар видеода яқиндан ва секинлаштирилган ҳолатларда аниқ ўрганилиб, пенальти қарори берилади. Ёки қоида бузилмади, деб топилади.

3. Қизил карточка

Фақат тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатилиши мумкин бўлган вазиятларда ҳакам видеотакрорга муҳтож бўлса, VAR ёрдамга келади. Ҳакам вазиятни кўриб, футболчини майдондан чиқариб юбориши ёки жазоламаслиги мумкин. Баъзида вазият сариқ карточка билан ҳам тугайди, лекин бу ерда, «сариқ карточка учун VAR ишлади» деб тушунмаслик керак. Ҳакам аслида қизил карточкага тортадиган вазият деб баҳолаб, видеони кўриши ва кейин «йўқ, қизил эмас» деб топиб, сариқ билан кифояланиши мумкин. Шунчаки, сариқ карточка кўрсатайми, йўқми, деб VAR’дан фойдаланмайди.

4. Идентификация

Ҳакам бир футболчига қизил ёки сариқ карточка беради. Аммо аслида, қоидани бузган бошқа футболчи бўлиб, ҳакам шунчаки, уларни адаштириб юбориши мумкин. Бу ҳолларда ҳам VAR ёрдамчиси вазиятни тўғирлайди.

VAR билан боғлиқ турли мунозаралар, норозиликларни жуда кўп кузатяпмиз, авваллари хатолари учун бош планга чиқадиган ҳакамлар қолиб, тўғри қарорлар туфайли ҳам VAR’ни айбдор қиладиганлар кўпайиб кетди. Бу ҳақида ижтимоий тармоқлардаги турли мэмлар, танқидлар ўз йўлига, мухлислар борасида бу тушунарли. Майдондаги эмоцияга таъсир кўрсатадиган, мухлислик қилаётган жамоасининг зиёнига ишлайдиган ҳар қандай қарорлар ёқмаслиги табиий. Аммо баъзида эътирозлар журналистлар, ҳатто мураббийлар томонидан ҳам янграётгани бироз тушунарсиз. «Манчестер Сити» устози Пеп Гвардиола айниқса, бу тизимдан кўп норози бўлади, ниманидир ўзгартириш кераклигини айтиб келади.