Сўнгги кунларда футбол олами гўёки «оламшумул хабар» билан «озуқаланди». ФИФА футбол қоидаларида, хусусан офсайдни аниқлаш борасида катта ислоҳотни амалга ошириши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳатто Италия ва Швеция каби мамлакатларда қуйи лигаларда, кичик мусобақаларда бу қоида синов тариқасида қўллана бошланиши айтилди. Қизиғи, аслида у қадар янгилик бўлмаган таклиф ва бу маълумотлар бирданига «вирус»га айланди, жиддий манбалар ва аниқ хулосаларсиз, ҳатто анча машҳур спорт порталларида ҳам тарқала бошлади.

Истилоҳда «Венгер офсайди» сифатида қўлланаётган бу янгиликка кўра, энди ҳужумчи офсайд ҳолатида деб топилиши учун бутун танаси ҳимоячидан кўра рақиб дарвоза чизиғига яқинроқ бўлиши лозим. Бунинг Арсен Венгер номи билан боғланишига келсак, мураббий 2019 йилдан ФИФА директорларидан бирига айланиб, дунё бўйлаб футболни ривожлантириш масалалари билан шуғулланиб келмоқда ва 2020 йилда у бир қатор, жумладан, аутни оёқда ўйинга киритиш, жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда ўтказиш, эркин зарбани бир футболчи бир неча тегиниш орқали ўйинга кирита олиши ва ҳоказо таклифлар билан бирга «офсайд чизиғи» борасида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашган. Бошқа таклифлари ичида мантиқийроқ туюлган «офсайд қоидаси» табиийки, ўз тарафдорларини топди, кўпроқ мунозараларга сабаб бўлди.  

Қуйидаги расмда фарқни англаб олиш мумкин. Чап томондаги тасвирда бугунги қоидалар бўйича ҳужумчининг (кўк либосда) офсайд ҳолати акс этган бўлса, ўнг томондаги тасвирга қаранг: янги қоида бўйича, мана шу ҳолатдагина ҳужумчи ўйиндан ташқари ҳолатда ҳисобланади.

Пайқаш қийин эмаски, бу шунчаки голларни кўпайтирадиган кичик ўзгариш эмас, умуман футболни, тактика-схемаларни, шу пайтгача тўпланган таҳлилларни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган ислоҳот. Футбол атрофида, форматида доим ўзгаришлар қилиб турадиган ФИФА айнан ўйиннинг ўзидаги янгиликларга анча эҳтиёткор ёндашиши, бу борада футбол консервативликни сақлаб қолиши сир эмаслигини инобатга олсак, наҳотки, осонлик билан янги қоида амал қилиб кетаверади? Агар бевосита ўйин билан боғлиқ ўзгаришларни эслайдиган бўлсак, охиргиси 30 йил аввалга тўғри келади – ўшанда ҳимоячи дарвозабонга оёқлари билан тўпни оширса, қўл билан ўйнаш мумкин эмаслиги қайд этилган.

Аслини олганда, ўзгариш ҳақидаги гаплар янгилик эмас. Венгернинг таклифи ҳам, бу қоида тариқасида бир қатор давлатларда синовдан ўтаётгани ҳам бор гап, аммо бу босқичдан хабарларда тилга олинаётган, росмана қоидаларга ўзгартириш киритилиши орасида жуда катта масофа бўлиб, бу ҳатто бир неча ўн йилларга чўзилиши мумкин. Бу даражадаги ислоҳотлар Халқаро кенгашнинг барча даражаларида муҳокамага қўйилиши лозим, Венгернинг таклифи ҳатто бу босқичга ҳам етиб келмаган.