Спорт | 11:51 / 30.12.2019
3335
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон март ойида Арманистонга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади

Ўзбекистон миллий жамоаси март ойида Тошкентда Арманистонга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

«Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаши иккинчи босқичи «D» гуруҳида 5та учрашувдан сўнг 9 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалининг 1-поғонасини эгаллаб турибди.

2020 йилда бош жамоамизни мазкур саралаш босқичи доирасидаги 3 та жуда муҳим ўйин кутиб турибди. Навбатдаги учрашувда Вадим Абрамов шогирдлари 31 март куни Яман меҳмони бўлишади.

Ушбу учрашувга тайёргарлик доирасида терма жамоамиз 23 февраль куни Дубайда Беларусь терма жамоаси билан учрашув ўтказиши ҳақида олдинроқ маълумот берган эдик. Бош жамоамиз март ойида Тошкентда ҳам ўртоқлик ўйини ўтказади. 26 март куни Арманистон терма жамоаси пойтахтимизда меҳмон бўлади. Айнан мана шу учрашув Яман билан ўйин олдидан якуний тайёргарлик вазифасини ўтаб беради», дейилади ЎФА хабарида. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид