Навоийда ўз ходимини калтаклаган суд раисига жарима қўлланган, жабрланувчи эса ишдан бўшатилган
2019 йил 15 февраль куни Навоий вилоят маъмурий суди раиси Отабек Тошев қўл остидаги ходими - суд тизимини бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси лавозимида ишлаган Дилшод Норовни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, оёғи билан тепиб тан жароҳати етказгани шов-шув бўлганди.
Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан О.Тошевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди (раислик қилувчи судья Ш.Бахтиёров) 2019 йил 12 августдаги ҳукми билан О.Тошевни Жиноят Кодексининг 206-моддаси 1-қисмида қайд этилган жиноятни содир этган, деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг 100 (юз) баробари (20 273 000 сўм) миқдорда жарима ва 2 йил муддатга суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Судланувчи ёки жабрланувчи томонидан суд ҳукмига нисбатан юқори инстанцияга шикоят киритилгани тўғрисида маълумотлар йўқ.
Kun.uz манбасининг таъкидлашича, бу ишлар ортидан бошланган таъқиблар натижасида жабрланувчи Дилшод Норов эгаллаб турган лавозимидан четлатилган. Kun.uz таҳририяти Д.Норовнинг лавозимидан озод этилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўз журналистик текширувини бошлади. Тез кунда ушбу масалага оид қўшимча маълумотларни тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
Дилшод Абдуқодиров
Мавзуга оид
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
11:05 / 10.11.2024
«Изоляторлар тўлиб кетган» – Олий суд раиси судьялар қатъиятсизлигининг оқибатлари ҳақида
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024