Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев 30 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги мажлисида Россиядаги ўзбек мигрантлари муаммоларига тўхталди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Омбудсман Москва шаҳридаги ўзбек муҳожирлари сақланаётган марказ ҳақида батафсил гапириб ўтган.
«17 декабрь ҳолатига марказда 180 нафар Ўзбекистон фуқароси мавжуд эди. Умуман олганда, бир ойда тахминан 3,5 минг атрофида одам йиғиларкан: чиқиб кетади, яна жойлаштиришади.
Биз улар билан учрашдик, суҳбат қилдик. Энг муаммоли масалалардан биринчиси: паспорти йўқ, ёки ўзлари атайлаб йўқотишган. Ўзбекистонга улар сўровлар жўнатдик дейишяпти. «Уларнинг Ўзбекистон фуқаролари экани тасдиқланса, биз чиқариб юборамиз» дейишяпти.
Марказда сақланаётган ўзбек муҳожирлари томонидан билдирилган иккинчи масала – Москва шаҳридаги ўзбекистонлик фуқаролар ўз ватандошлари, яъни ўзбек мигрантларидан ишлаш, яшаш учун рухсатнома қилиб бериш ва кўплаб бошқа сабабларни келтирган ҳолда пул олиб, уларни алдашмоқда. Бундай фуқаролар ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан ана шу ерга жойлаштириляпти.
Марказда сақланаётган яна бир тоифадаги шахслар – Москва судининг кўрсатмаси билан жарима тўлаши керак, бироқ уни тўлаш учун пуллари йўқ бўлган фуқаролар. Марказдагилардан сўрасак, «Қачон жарима пулини тўласа, чиқариб юборамиз» дейишяпти. Қайтиб келиб, Ички ишлар вазирлигига [мазкур масалани] киритдик.
У ердаги 180 нафардан 5 нафари 1 йилдан ортиқ ушлаб турилибди. Бир йилдан бери ўша жойда, худди қамоқхонадек. Лекин улар на чиқиб кета олади, на уларни жўнатиб юбора олишади. Биз бу бўйича Ички ишлар вазирига [хат] киритиб, бир қисм фуқароларга паспортини тезроқ ҳал қилиш ва жўнатиб юборишни сўрадик», – деди Улуғбек Муҳаммадиев.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Россияда чегарадан ўтиш жараёнида кузатилаётган муаммога ҳам тўхталди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари икки хил – яшил ва қизил паспорт сабабли чегарада бир соатгача ушлаб қолиняпти ва савол-жавоб қилиняти.











