Kun.uz ходимлари 2019 йил охирида Буюк Британияда хизмат сафарида бўлиб қайтди. Сафаримиз давомида бу мамлакатда яшаб, турли соҳаларда фаолият юритаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатда бўлдик.

Суҳбатдошларимизнинг касбий йўналишлари турлича – автомобилсозлик муҳандиси, йирик халқаро банк бошқарувчиси, коллеж ўқитувчиси, туризм элчиси, Оксфорд илмий тадқиқотчиси, бизнесмен ва талабалар шулар жумласидан.

Дастлабки интервьюмиз Лондонда финтех компания очган тадбиркорлар билан кечди. Санжар Мавлянов ва Дилшод Меҳмонов Англияда магистратура босқичида ўқиб, сўнг шу ерда бир нечта молия муассасаларида ишлаган, 2016 йилда эса ўзбекистонлик яна икки ҳамкорлари билан «Safenetpay» номли финтех компаниясига асос солишган.

«Мен ўзим ҳуқуқшуносман, Дилшод – бухгалтер. Бир-биримизни 20-25 йилдан бери таниймиз. 2016 йилда компанияни очган бўлсак, лицензия олишимизга 2 йил кетди. Англияда лицензия олиш жуда қийин – жуда кўп ҳужжат талаб қилинади.

Кўп нарса жамоага боғлиқ. Аввалига жамоамиз фақат ўзбеклардан ташкил топганди. Бошида тўрт киши бўлиб иш бошлаган бўлсак, ҳозир ходимларимиз сони 30га яқин ва штатлар сонини яна ҳам кўпайтиряпмиз», – дейди компания раҳбари Санжар Мавлянов.

Финтех компаниянинг анъанавий банкдан фарқи нимада?

Маълум бўлишича, суҳбатдошларимиз Буюк Британиянинг Молиявий бошқарув органи – FCA лицензиясини олиб, финтех компанияга асос солган биринчи ўзбекистонликлар экан.

«2018 йилда лицензия олиб, банк соҳасига кириб келдик. Компанияларга ҳисоб-рақамлар, пул ўтказмалари, бухгалтерлик каби хизматларни кўрсата бошладик.

Бизнинг банкдан фарқимиз – биз кредит бермаймиз ва инвестиция киритмаймиз. Қолган барча банк хизматларини таклиф эта оламиз. Яъни кўчадаги банкдан деярли фарқимиз йўқ. Регистрация ҳам интернет орқали. Мобил иловани очиб, ҳужжатларингизни юборасиз ва буни онлайн тасдиқлашади. Яъни сиз уйдан чиқиб, шахсан банкка бориб ўтиришингиз шарт эмас. Финтех компанияларда бу анъанавий банклардан кўра анча тез ҳал бўлади», – деди Мавлянов.

Санжар Мавлянов