Ўзбекистон | 12:56 / 06.01.2020
56144
2 дақиқада ўқилади

Парламент сайловининг якуний тур натижалари эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

Кеча, 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларидаги 1 730 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг хабар беришича, бунда 3 147 079 нафар фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 978 048 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди.
 
Бу такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 62,8 фоизини ташкил этади.

Сайлов якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар қуйидагича  депутатлик ўринларига эга бўлдилар:

1. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 53та депутатлик ўрни;
2. «Миллий тикланиш» демократик партияси – 36та депутатлик ўрни;
3. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси – 24та ўрин;
4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 22та ўрин;
5. Ўзбекистон Экологик партияси – 15та ўринни эгаллади.

Такрорий овоз бериш жараёнини депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 5 мингдан ортиқ кузатувчилар кузатиб борди. 

Сайлов кодексига мувофиқ, Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олиш Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баённомалар асосида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олади. Депутат этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган пайтдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутати мақомига эга бўлади. Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссиясига Қонунчилик палатаси депутатининг мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни ўз зиммасидан соқит қилганлиги тўғрисида ёзма шаклда маълум қилиши шарт. Қонунчилик палатаси депутатларига Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кун ичида гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.

Мавзуга оид