Спорт | 00:37 / 08.01.2020
3764
2 дақиқада ўқилади

Australian Open ёнғинлар сабабли ёпиқ кортларда ўтказилиши мумкин

Фото: EPA

20 январда Мельбурнда бошланадиган теннис бўйича Австралия очиқ чемпионати ўйинлари Австралияда бир неча ойдан бери давом этаётган ўрмон ёнғинлари сабабли ёпиқ кортларда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

“Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақанинг ташкилотчилари ўйинлар очилиб-ёпилувчи томли стадионларда ёки ёпиқ кортларда ўтказилиши мумкинлигини маълум қилишган. “Бизда “Мельбурн-парк”да 3 та очилиб-ёпилувчи томли стадион ва 8 та ёпиқ корт бор. Кучли тутун вақтида стадионлар томлари ёпилади, ўйинлар вақтида унда кондиционерлар ишлаб туради. Агар тутун стадионлар ичига кирса, ҳавони шамоллатиш тизими уни филтрлайди”, дейилган мусобақа ташкилотчилари хабарида.

“Ўйинчилар, ходимлар ва мухлислар саломатлиги ҳамиша устувор бўлади ва биз буни ёдда тутган ҳолда қарор қабул қиламиз”, деб айтган мусобақа директори Крэйг Тайли.

Аввалроқ Australian Open’нинг 7 карра ғолиби Новак Жокович мусобақа бошланишини кейинроққа кўчиришни таклиф қилганди.

Мусобақа 20 январдан 2 февралгача Мельбурнда бўлиб ўтади. Айни вақтда Австралиянинг Брисбен, Перт ва Сидней шаҳарларида Профессионал теннисчилар уюшмасининг жамоавий мусобақаси ATP Cup бўлиб ўтмоқда.

Австралиядаги ўрмон ёнғинлари 2019 йил октябридан бери давом этмоқда. Айни вақтда мамлакатнинг Янги Жанубий Уэльс ва Мельбурн жойлашган Виктория штатларининг катта ҳудуди олов билан қамраб олинган. 

Мавзуга оид