Бугун, 8 январь кунидан бошлаб осиёлик футбол мухлисларининг диққат-эътибори Таиландга қаратилади. Ушбу мамлакатда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ҳисоб бўйича 4-Осиё чемпионати бошланади. Қуйида Tribuna.uz турнирга оид энг муҳим маълумотларни тақдим этади.

 Ўзбекистон «ўлим гуруҳи»да

Қитъамизнинг энг кучли 16та жамоаси иштирок этадиган турнирда Токиода ўтадиган Олимпиада ўйинларига йўлланмалар ҳам ўйналади. Чемпионат якунига кўра, совринли ўринлар соҳиблари Токио-2020га йўл олади.

 Таиланддаги Осиё чемпионатига Ўзбекистон олимпия жамоаси амалдаги чемпион сифатида ташриф буюради. Ёдингизда бўлса, Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги вакилларимиз 2018 йил Хитойда ўтган U-23 Осиё чемпионатида қорли финалда Вьетнам устидан қийин ғалабага (2:1) эришиб, Осиё чемпионлигини қўлга киритишганди. Турнирга қуръа ташлангач, кўпчилик мутахассислар “ўлим гуруҳи”, дея айнан «С» гуруҳини кўрсатишган.

 «А» гуруҳи: Таиланд, Ироқ, Австралия, Баҳрайн
«B» гуруҳи: Қатар, Япония, Саудия Арабистони, Сурия
«C» гуруҳи: Ўзбекистон, Жанубий Корея, Эрон, Хитой
«D» гуруҳи: Вьетнам, КХДР, Иордания, БАА

 ТВ-трансляция

Миллий жамоаларимиз иштирокидаги йирик мусобақаларни трансляция қилиб борувчи «Спорт» телеканали Осиё чемпионати баҳсларини ҳам Ўзбекистонда намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритган. Телеканал техник ва ижодий гуруҳи турнирга жиддий тайёргарлик кўриб, нафақат Ўзбекистон олимпия жамоаси ўйинлари, балки турнирдаги барча учрашувларни “жонли эфир”да намойиш этишни режалаштирган.

 Ўйинларимиз тақвими

Қитъа чемпионати 8 январдан 26 январга қадар давом этади. Любинко Друлович бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 олимпия жамоаси «C» гуруҳида Жанубий Корея, Эрон ва Хитой олимпия жамоаси билан беллашади.