Диёримиз азалдан илм-маърифат ўчоғи бўлиб келган. Бу юртдан не-не аллома зотлар етишиб чиқмаган дейсиз. Улар қолдирган улкан илмий мерос гарчи турли босқинлар даврида нобуд қилинган, олиб кетилган бўлса-да, бизнинг давримизгача етиб келганларининг адади, ҳисобга олинганлари ҳам кишини ҳайратга солади.

Kun.uz шундай маънавий меросимиз сақланаётган илмий даргоҳ – ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзма асарлар фондига видеосаёҳат уюштирди.

«Дастлаб бу ерда мадрасаларни битирган домлалар ишлаган»

ЎзФА Шарқшунослик институти илмий ишлар бўйича директор муовини Сурайё Каримова фонднинг тарихи, бугуни, асосий йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.

«Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди 1943 йилда, ўша пайтдаги халқ кутубхонаси (ҳозирги Миллий кутубхона)нинг Шарқ бўлими асосида ташкил этилган. Шундан бошлаб бу фондда қўлёзма манбаларни ўрганиш ишлари бошланган.

Бу ерда дастлабки иш қўлёзмаларни тавсифлаб, картотекалар тузиш бўлган. Дастлабки пайтда бу жойда мадрасаларни битирган домлалар ишлаган, улар араб ва форс тилларини пухта билган илмли кишилар ҳисобланган. Ўша даврда тузилган картотекалардан ҳозирга қадар фойдаланиб келинмоқда.

Дастлабки тавсифдан ўтган қўлёзмалар кейинги босқичда илмий тавсифланган. Бу аннотация характерида бўлиб, кўпроқ маълумот берилган. Кейинчалик мавзу каталоглари тайёрлана бошланган ва бу илмий тадқиқотчиларга енгиллик беради.

Шунингдек, қўлёзма асарларни илмий муомалага киритишнинг асосий йўналишларидан бири илмий изоҳли таржима ва табдил ҳисобланади. Табдил деганда араб графикасидаги эски ўзбек ёзувидан кирилл ёзувига ўгириб нашр қилиш тушунилади.

Энди бевосита таржима қилиб илмий муомалага киритишга келадиган бўлсак. Бу жараён ниҳоятда машаққатли иш саналади. Масалан, битта манбани таржима қилиб, изоҳлаб, тадқиқот қисм ёзиб нашр қилишга уч йил вақт кетади. Шунга қарамай, ҳар йили 10дан зиёд турли мавзудаги асарлар таржима, табдил қилиниб, илмий муомалага киритилади».

«26 минг жилд қўлёзма, 40 минг жилдга яқин тошбосма, 5 мингдан зиёд тарихий ҳужжатлар сақланади»