Кўриб турганингиз бу тасвирлар бирор ташландиқ бинонинг хароба хоналари эмас. Бу Ўзбекистон Фанлар академияси

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ходимлари, яъни миллатнинг миллат эканини билдирувчи соҳада илмий тадқиқотлар олиб борадиган олимлар ишлаб келаётган жой.

Институт ходимлари шундай ташландиқ бино ва шунга яраша шароитлар билан 2014 йилдан буён ишлаб келмоқда, тағин – ижарада. Олимлар ўзининг муқим биноси у ёқда турсин, илмий тадқиқотлар учун оддий шароитларга эга эмас.

Гарчи сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат тили масаласи, унинг обрўйини ошириш борасида қатор амалий ишлар бошланган бўлса-да, мантиқан шу ишларнинг марказида турган институт биноси ва олимларнинг аҳволига, афсуски, эътибор қаратилмаяпти.

Биз ўнлаб идораларга қилган мурожаатидан кейин ҳам бирор натижа кўрмаган олимларнинг таҳририятимизга йўллаган хати бўйича Тошкент шаҳри Шаҳрисабз 5-тор кўчасида жойлашган институт биносида бўлиб, у ерда ишлаётган олимлар билан суҳбатлашдик.

“Нега олимларни қўллайдиган ташкилот ва етарли иш шароитлар йўқ?”

Унда дастлаб шу институтда 1975 йилдан бошлаб ишлаб келаётган адабиётшунос олим Сувон Мелиев институт тарихи, олимлар ва бечора соҳага айланиб қолган илм-фан ҳақида фикрларини билдирди.