Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Илғор хорижий тажриба ҳамда синалган амалиёт асосида мамлакатимизда миллий солиқ тизими яратилди. Солиқлар сони ва ставкалари оптималлаштирилди. Қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Бунинг натижасида ўтган йили тадбиркорлар ихтиёрида жами 2 триллион сўм маблағ қолди.
2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалиётга татбиқ этилди. Бу ислоҳотлардан асосий мақсад – жорий ва келгуси йилларда иқтисодий барқарорликни таъминлашдир», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бу орқали бюджет тушумларини мунтазам ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.
«Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш! Ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Жойлардаги раҳбарларнинг эскича иш услуби, энергия ресурслари истеъмоли ва тўлови бўйича ҳисоб-китоб юритиши, тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ёндашуви танқид қилинди. Ўтган йили Мирзо Улуғбек, Ғузор ва Муборак туманларида фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлар сони ошгани кўрсатиб ўтилди.
«Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга «фавқулодда ҳолат» сифатида қаралиши керак. Иқтисодий барқарорлик асоси рақобатбардош тадбиркорларни кўпайтиришдир», дея таъкидлаган президент.
Йиғилишда жорий йил биринчи чоракда бюджетга солиқ тушумларини таъминлаш учун ҳокимлар бошчилигида, уларнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари, молия ва солиқ идоралари томонидан амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилди.
«Аввало, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳамда фаолиятини тўхтатган корхоналарни тиклашга кўмаклашиш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун электр, газ, йўл, сув билан боғлиқ инфратузилмани яхшилаш, янгиларини барпо этиш зарур. Шу боис ҳокимиятлар томонидан ошириб бажарилган даромадлар, биринчи навбатда, ҳудудларда мавжуд инфратузилмани яхшилашга йўналтирилиши белгиланди.











