Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Давлат ўқ-гильзотекасини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар дастури;
Давлат ўк-гильзотекасини моддий-техник таъминлаш чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Мудофаа саноати давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлигининг зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича буюртманомаси олинган кундан эътиборан олти ой муддатда Давлат ўқ-гильзотекасини моддий-техник таъминлаш дастурида назарда тутилган моддий-техника воситалари етказиб берилишини таъминлайди.
Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур хоналар ажратади, уларни реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш чораларини кўради.
Қарорнинг фуқаровий ва хизмат ўқотар қуролини назорат тартибида отиш қисми 2020 йил 1 июндан кучга киради.
Давлат ўқ-гильзотекасннн юритиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Давлат ўқ-гильзотекаси Ички ишлар вазирлиги томонидан юритилади.
Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази Давлат ўқ-гильзотекасини юритишни амалга оширади.
Қуйидагилар Давлат ўқ-гильзотекасини юритишнинг мақсади ҳисобланади:
ўғирланган сойли стволли ўқотар қуролни қидириш;
бир неча жиноятларни содир этишда битта ёки шу нусхадаги сойли стволли ўқотар қурол ишлатилганлиги ҳолатларини аниқлаш;
жиноятни содир этишда фуқаровий ва хизмат, аниқланган, олинган ёки ихтиёрий топширилган сойли стволли ўқотар қуролдан фойдаланилганлиги ҳолатини аниқлаш.
Низом қоидалари жанговар ўқотар қуролларга нисбатан татбиқ қилинмайди.
Давлат ўқ-гильзотекаси маълумотлар базаси калибри 11,56 мм.дан ортиқ бўлмаган сойли стволли ўқотар қуролнинг излари бўлган ўқ, гильза ва патронлардан шакллантирилади.

















