Водийдаги энг сўлим, ҳавоси тоза, табиати бетакрор масканлардан бири Наманган вилоятида жойлашган. Бу – Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғидир. Катта қишлоқ. Унда 13 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди.

Эътиборлиси, Нанайда ҳаво ҳарорати йилнинг тўрт фасли давомида водийнинг бошқа жойларидагидан 10 даража паст юради. Ёзи доим ғир-ғир шаббода, қиши доим қорли бўлган тоғ қишлоғи. Бир вақтлар нафақат қўшни республикалардан, балки узоқ юртлардан ҳам одамлар Нанайга дам олгани, соғлигини тиклагани келишган. Туризм гуллаб-яшнаган.

 Бироқ бугунги Нанайда камчиликлар жуда кўп. Муаммолар бисёр бўлган жойда туризмни ривожлантириш ҳақида ўйлаб ҳам бўлмайди.

 Мурожаат ортидан Наманганнинг чекка қишлоғи томон йўл олдик. Водийнинг бошқа ҳудудларида яшовчи одамлар «ғарчиллаган» қорни кўрмаганига бир неча йил бўлди. Нанайда эса ҳаммаёқ оппоқ қорга бурканган эди.

«Ҳалиям ариқдан сув ичамиз. Ичимлик суви тизими иншоотлари йўқ бўлиб кетди»

 Нанайда бўлиб, минглаб аҳолининг оғриқли муаммоси бўйича қишлоқ одамлари, нуронийлар билан суҳбатлашдик. Улар тузалмас дардга айланиб кетаётган ичимлик суви муаммоси ҳақида гапириб беришди.

 «Сизга Нанай қишлоғи тоза ичимлик суви билан таъминланмаётгани ҳақидаги муаммолар билан мурожаат қилдик. Бир неча йилдан бери туман ва вилоят ҳокимлари, прокурорларига, ички ишлар тизими мутасаддиларига арз қилиб келяпмиз.

 Қишлоқдаги мавжуд сув тортиш насослари йўқ бўлиб кетган. Иншоотлар атрофидаги майдонлари дача сифатида қарор чиқариб, бериб юборилди.