Кўпчилик юқори доирадаги шахслар «қаттиққўл» деб таърифлайдиган Михаил Мишустин ҳақида нималар маълум?

Мансаб пиллапоялари узра

Мишустин 53 ёшда бўлиб, Москвада туғилган. Отаси Владимир Мишустин расмий маълумотларга кўра, «Аэрофлот»да ва Шереметьево хавфсизлик хизматида ишлаган. Онаси эса тиббиёт тизимида фаолият юритган.

Мишустин Москва станок институтини «автоматлаштирилган лойиҳалаш тизимлари» ихтисослиги бўйича тамомлаган. Иқтисод фанлари доктори.

Ўтган асрнинг 90-йилларида у Халқаро компьютер клуби синов лабораториясининг директори, кейин эса клуб бош директори ўринбосари ва бошқаруви раиси бўлган.

Мишустин 1998 йил августда давлат идораларидаги фаолиятини бошлади. У давлат солиқ хизмати бошлиғининг ўринбосари бўлди. 2004-2006 йилларда Кўчмас мулк объектлари кадастри федерал агентлигини бошқарди, 2007-2008 йилларда эса Алоҳида иқтисодий зоналарни бошқариш бўйича федерал агентликка раҳбарлик қилди.

2008 йил мартда Мишустин бизнесга ўтди ва активлар ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни бошқариш билан шуғулланадиган UFG компаниялар гуруҳи президенти бўлди.

Мишустин 2010 йил апрелда Федерал солиқ хизмати раҳбари этиб тайинланди, уни бу лавозимга ўша пайтда бош вазир бўлган Путин қўйганди. 

Forbes суҳбатлашган собиқ амалдорлардан бирининг айтишича, унинг бу лавозимга тайинланиши осон бўлмаган. «Бошқа номзодлар ҳам бор эди», — дейди у. Гап собиқ мудофаа вазири, Мишустиндан аввал солиқ хизматини бошқарган Анатолий Сердюков билан бўлган қарама-қаршилик тўғрисида бормоқда. Сердюков 2007 йил февралда мудофаа вазири бўлган, аммо амалда яна бир неча йил солиқ хизматини идора қилиб келган, деб ёзади «Ведомости». Газетанинг ёзишича, Сердюков «бу ерда қолган ўз жамоаси аъзоларига кўрсатмалар бериб келган». 

«Қатъиятли ва қаттиққўл»

«Қатъиятли ва қаттиққўл эркак, керак пайтида қаттиққўл. У ўз принципларини ҳимоя қила олади», — дейди унинг собиқ ҳамкасбларидан бири.

Мишустиннинг қаттиққўллигини яна бир собиқ федерал амалдор тасдиқлайди. Унинг сўзларига кўра, «Мишустин тоғни ўрнидан силжита олади».  

«10-15 йил аввал тадбиркорлар солиқчилардан зада бўлиб кетишганини айтишарди. Ҳозир эса улар билан солиқчилар ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Мишустин бу хизматни шундай йўлга қўйдики, у Ғарбга ўргангани бормайди, балки ундан ўргангани келишади. Солиқ хизмати – мисли кўрилмаган муваффақиятли лойиҳа», деб қўшиб қўяди у.