Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бугунги кунда Россия Федерациясида меҳнат қилмоқда. Баъзида қулоғимизга “депорт бўлибди ёки бўлмаса Россияга киришга тақиқ олибди” қабилидаги гап-сўзлар чалиниб туради. Хўш бугунги кунда Россиядаги ватандошларимиз Россияда яшаш ва ишлаш давомида дуч келаётган асосий муаммолар қайсилар?
Саволларимизга жавоб топиш мақсадида Москвада меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериб келаётган ва муҳожирлар ҳаёти ҳамда муаммоларидан кўпроқ хабардор ватандошимиз, миграция бўйича юрист Азиз Ҳайитов билан суҳбат уюштирдик.
- Ҳозирги вақтда Россияда меҳнат мигрантлари билан боғлиқ қандай муаммолар бор?
– Ҳозирги кунда меҳнат муҳожирларимизда биринчи муаммо бу – тилни билмаслик ва ҳуқуқий билим йўқлиги. Бунинг ортидан эса бошқа муаммолар келиб чиқмоқда. Биламизки Россияга киришда миграцион карта берилади. Ана шу картани тўлдиришда исми-шарифини ёки келишдан мақсадни кўрсатинг деган жойини хато тўлдирса, унинг учун муаммо бошланади. Бу хатолик регистрация ва патент олишга ҳам таъсир қилади. Агар меҳнат моҳожири миграцион картани тўғри тўлдирса демак, у рус тилини тушунади ва ёзишни билади. Демак асосий муаммо бу – тилни билмаслик.
- Депортация ва Россия ҳудудига киришга тақиқ қўйиш муаммосига ҳам тўхталиб ўтсангиз

– Депортация охирги 4-5 йилда жудаям оммалашиб кетди. Бу муаммо ҳам асосан тил билмаслик оқибатида келиб чиқади. Яъни рус полицияси меҳнат мигрантини тўхтатиб, ҳужжатларини сўраганида меҳнат муҳожирининг ҳужжатлари тўғри бўлса ҳам гапира олмайди. Гапира олмагани учун ҳам муаммо бўляпти. Биз кўп суд жараёнларида иштирок этамиз. Судларда ўзбекистонлик фуқарони ҳимоя қилиб, судьяга ватандошимизнинг ҳуқуқбузарлик содир этмаганини тушунтирамиз. Шунда судья “ватандошингни ҳимоя қилгунча, бориб рус тилини ўргат. Сен бу ерга келиб унинг ҳуқуқини ҳимоя қиляпсан, лекин ватандошларинга тилни ўргатмаяпсан. Яхшиямки депортация қилибди. Бошқа туҳмат билан қамаганда сен ҳам мен ҳам ёрдам бера олмасдик” – деб тўғридан-тўғри бизга айтишади. Бу гаплар ҳақиқатдан ҳам тўғри. Суд жараёнида мен судьяга вазиятни тушинтиряпман шунда судья тўхтатиб, мигрантнинг ўзидан сўради. Мигрант эса менинг гапимга қарама-қарши гапирди. “Ҳа” дейиши керак бўлган жойда “йўқ” деди. “Йўқ” дейиши керак жойда “ҳа” деди. Шундан сўнг менинг ишим тескари бўлиб кетди.











