АҚШнинг FLEX таълим дастури учун аризалар қабули бошланди. Унда дунёнинг 40дан ортиқ мамлакати болалари ҳужжат топшириши мумкин.

Ўзбекистонлик талабгорлар учун охирги муддат 6 февраль этиб белгиланган.

FLEX дастури тарихига назар

Future Leaders Exchange – FLEX (Келажак лидерлари алмашинуви) дастурига оид қонун АҚШда 1991 йилда қабул қилинган.
Аввалига лойиҳа Американинг собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги давлатлар билан алоқаларини ривожлантиришга қаратилган эди. Кейинчалик эса рўйхатга бошқа давлатлар ҳам қўшилди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад – америкаликлар ва бошқа миллат вакиллари ўртасида дўстона алоқаларни ўрнатишдир. Минглаб америкаликлар ва маҳаллий мактаблар грантни қўллаб-қувватлайди ва ҳеч қандай ҳақ олмасдан ғолибларни ўқитади, оилаларига қабул қилади.

Ўтган 27 йил мобайнида FLEX дастури ўрта мактабларнинг 28 000 нафар ўқувчисига стипендиялар ажратди. 2019/20 ўқув йили учун жами 977та квота берилган.

Улар орасида шу лойиҳа доирасида билим олиб қайтган ва кейинчалик яхши лавозимларни эгаллаган ўзбекистонлик ёшлар ҳам бор.

Мактаб ва лицей битирувчилари учун

Бу йилги дастур учун 2002 йилнинг 15 февралидан 2004 йил 31 мартгача бўлган муддатда туғилган ва ҳозир 11-синфда ёки академик лицейнинг охирги босқичида ўқиётган ўзбекистонлик болалар ҳужжат топшириши мумкин.

Ҳужжатлар https://ais.americancouncils.org/flexuz ҳаволасида қабул қилинади.

Рўйхатдан ўтилгач, дастур имтиҳонлари вақти ҳақида талабгорнинг электрон почтасига маълумотлар юбориб турилади. Аризада талабгор имтиҳонларни топшириш учун Тошкент, Нукус, Наманган, Самарқанд каби шаҳарлардан ўзига мосини танлаши мумкин.