Жамият | 14:01 / 22.01.2020
36168
2 дақиқада ўқилади

Фарғонанинг Янги асрида аёллар велосипедда сув ташийди (видео)

Кеча, 21 январь куни аҳоли мурожаатини ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятининг Қува туманида бўлдик.

Қайтиш чоғи, туманнинг «Хонобод» МФЙ ҳудудидан ўтарканмиз, йўл четида велосипед ва араваларда сув ташиётган аёллар эътиборимизни тортди.

Маълум бўлишича, «Хонобод» МФЙнинг Янги аср кўчасида яшовчи аёллар ҳар куни бир неча маротаба 1,5 км узоқликдан ичимлик суви ташиб келишар экан.

«Ўн йилдан ошди, шу ҳолат давом этиб келяпти. Бир неча маротаба мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Кўчамизга шағал тўкиб беришди, унинг ҳам пулини йиғиб бердик.

Айтинглар, кўчаларимизга сув тушириб беришсин, «столба»ларимиз йўқ, йўлларимиз ҳам чатоқ», – дейишди қишлоқ аёллари.

Сувни эркаклар ташиса бўлмайдими, деган саволимизга улар кундузи ишда бўлиши, айримлари Россияда эканини айтишди.

Яна йўлга тушарканмиз, шаҳарда уч кунга иссиқ сув ўчса, қанчалик ноқулайлик туғилиши ҳақида ўйлаб қолдик... 

Маълумот ўрнида, ҳукумат 2030 йилга бориб, аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражасини бугунги кундаги 69 фоиздан 91 фоизга оширишни ваъда қилган.

Мавзуга оид