Шунингдек, 11 миллионлик мегаполис аҳолисига оммавий йиғилишлардан узоқроқ юриш тавсия этилади.
Ҳозирги вақтда вирус юқтириш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 нафарга етган, у Хитойнинг бошқа провинцияларига ҳам тарқалиб, АҚШ, Таиланд ва Жанубий Кореяга кириб борди.
«Қурбонлар сони уч кишига ошиб, тўққиз нафарга етди. Жами 440 кишида шу турдаги вирус аниқланган. Асосийси — Уханьга бормаслик. Ухандагилар, сизни шаҳарни тарк этмасликка чақираман», — деди ХХР давлат соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси ўринбосари Ли Бинь.
Хитойнинг сирли вируси: хавотирланишга асос борми?
Юзлаб одамлар Хитойдаги янги вирусни юқтиришлари мумкин
Янги коронавирус Хитойнинг бошқа шаҳарларида ҳам аниқланди. У қандай тарқалмоқда?
Расмийнинг сўзларига кўра, 2019-nCoV деб номланган вирус, асосан, нафас олиш йўли орқали юқади.
«Вирус тарқалиши йўли ҳали қатъий даражада аниқланмаган бўлса-да, унинг мутацияга учраш эҳтимоли бор ва эпидемиянинг янада тарқалиши хавфи мавжуд», — деб қўшимча қилди Ли Бинь.
Унинг айтишича, беморлар билан алоқада бўлган 2197та ҳолат аниқланган ва вируснинг «нафас олиш йўли билан юқиши» белгилари бор. Бундан ташқари, Уханда камида 15 нафар тиббиёт ходими беморлардан вирусни юқтириб олган.
Расмийлар янги йилни нишонлаш пайтида Хитой бўйлаб миллионлаб кишилар саёҳат қилиши натижасида вирус тарқалиши кучайиши мумкинлигидан хавотирда. Шунингдек, минглаб хитойликлар чет элга саёҳат қилишади.
Уханда тирик парранда ва чорва моллари сотуви тақиқланди, шаҳарнинг энг йирик транспорт марказларида ҳавони шамоллатиш тизимлари кучайтирилди, аҳолидан ҳароратни ўлчаш талаб этилмоқда.
«Биз касаллик ёввойи ҳайвонлар сотиладиган бозордан келиб чиққанини биламиз. Эҳтимол, бу вирус ташувчиси ҳайвон бўлган ва кейин одамга юққан», — дейди Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази директори Гао Фу.
Мутахассислар инфекциянинг кўплаб ҳолатлари ҳали ҳам аниқланмай қолаётганидан ҳадикда. Лондон Империал коллежидаги инфекциялар глобал тарқалишини таҳлил қилиш маркази маълумотларига кўра, зарарланишлар сони 1700дан ошиши мумкин.











