Иқтисодиёт | 10:11 / 23.01.2020
8378
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 42,2 млрд долларга етди

Фото: РИА Новости

2019 йил якуни билан Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 42,2 млрд. АҚШ долларига етди, у 2018 йилга нисбатан 8,7 млрд. АҚШ долларига ёки 26,2 фоизга ошди. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ушбу натижа мамлакат тарихида энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилди.

ТСАда экспорт ҳажми 17,9 млрд. АҚШ долларига (ўсиш суръати – 28,0 фоиз) ва импорт ҳажми 24,3 млрд. АҚШ долларига (ўсиш суръати – 24,9 фоиз) етди. Ҳисобот даврида 6,4 млрд. АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди. 

Мамлакатнинг ташқи савдо фаолиятида мавсумийлик мавжуд. Яъни, йил ўртасида нисбатан юқори фаоллик кузатилиб, ойлик ТСА июль ойида ўзининг энг юқори қиймати – 4,8 млрд. АҚШ доллари билан республиканинг ташқи савдо мувозанатини таъминлади. 2019 йил декабрида ТСА 3,9 млрд. АҚШ долларини ташкил этди ва йилни пассив савдо баланси билан якунлади. 

Ташқи савдо айланмасининг чораклар кесимида таҳлиллари шуни кўрсатдики, энг юқори ТСА 12 млрд. АҚШ доллари билан 2019 йилнинг III чорагига тўғри келиб, 2017-2018 йилларга нисбатан 1,5 баробар ошганини кўрсатди. 

2017-2019 йиллардаги ТСА ўсишига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Яъни, 2019 йилнинг III чорагида пассив ташқи савдо баланси 6,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этди ва 2017 йилнинг I чорагидаги кўрсаткичга нисбатан 2,4 баробар ошган. 

Ўзбекистон жаҳоннинг 193 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикасида (18,1 фоиз), Россия Федерациясида (15,7 фоиз), Қозоғистонда (8,0 фоиз), Корея Республикасида (6,5 фоиз), Туркияда (6,0 фоиз), Германияда (2,3 фоиз) ва Қирғизистонда (2,0 фоиз) қайд этилган. 

Мавзуга оид