Ўзбекистон | 14:28 / 23.01.2020
7102
3 дақиқада ўқилади

Гумонланувчининг ҳимоячидан воз кечиш жараёни мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади

Фото: Shutterstock

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритилади. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилади:

52-модданинг (Ҳимоячидан воз кечиш) биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади, бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади. Ҳимоячидан воз кечиш жараёни мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади, бу ҳақда баённомага ёзиб қўйилади. Видеоёзув материаллари баённомага илова қилинади. Бунда ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан холи учрашиши видеоёзув орқали қайд этилишига йўл қўйилмайди”.

Ушбу қисмнинг амалдаги таҳрири қуйидагича:

“Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади, бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид