Президент “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 7 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 11 майда маъқулланган.

 Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 52-моддаси биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имконият мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади, бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Ҳимоячидан воз кечганлик ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади. Видеоёзув материаллари баённомага илова қилинади. Бунда ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан холи учрашиши видеоёзув орқали қайд этилмайди».

91-моддаси тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Қуйидаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилиши шарт:

1) ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш;

2) тинтув;

3) кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш;

4) тергов эксперименти;

5) шахсни ушлаш;

6) ҳимоячидан воз кечиш;

7) шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш»;