Ўзбекистон | 09:00 / 23.01.2020
15683
2 дақиқада ўқилади

Президент: «Республика даражасида қарорлар қабул қилишда ҳокимликларнинг иштирокини ошириш лозим»

Фото: KUN.UZ

Республика миқёсидаги қарорлар муҳокамасига маҳаллий ҳокимликларни кўпроқ жалб этиш керак, деб ҳисоблайди президент Шавкат Мирзиёев.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари бу ҳақда Олий Мажлис палаталарининг илк қўшма мажлисидаги маърузасида айтиб ўтган.

«Вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари билан биргаликдаги фаолият устидан вертикал назорат ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Энг асосийси, ҳукумат – марказий идораларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлар билан ҳамкорлигини, улар ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлаш учун масъул ва жавобгар бўлади.

Бунинг учун республика даражасида қарорлар қабул қилишда ҳокимликларнинг иштирокини оширишимиз лозим. Биз Тошкентда қарорлар қабул қиламиз, пастдаги ҳокимлар билмайди. Бу қарорларни ким бажаради, ҳокимлар-ку? Ижро органи-ку? Қарорни қабул қилгандан кўра, ҳокимларни бир йиғиб, у қарорни ўргатинглар – мана шундай қарор бўлади, қайсиси сизларга маъқул, қайсиси номаъқул. Пастдаги ижрочилар буни яхшироқ билади-ку.

Қабул қилинаётган қарорларни жойида бажарувчилар билса, натижаси мутлақо бошқача бўлади», – деди Мирзиёев.

Президент берган таклифларга кўра, ишлаб чиқилаётган қарор лойиҳаларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳам келишиш тартибини кўриб чиқиш керак.

Мавзуга оид